Суперлига: “Насаф” очко йўқотди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 2-туридан ўрин олган учта учрашувда кутилмаган натижалар қайд этли.
Ушбу турда "Шўртан" меҳмони бўлган "Бунёдкор" 0:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Пойтахт клубига ғалаба олиб келган голларга Луис Качорри муаллифлик қилди. "Динамо" эса ўз майдонида "Машъал" жамоасини 1:0 ҳисобида таслим этди.
Турнинг марказий ўйини дея эътироф этилган “Андижон” ва "Насаф" жамоалари баҳси “Бобур арена”да ўтди. Ушбу ўйинга 17 минг нафар томошабин ташриф буюрди. Учрашувнинг 15-дақиқасида мезбонлар вакили Олег Зотеев ҳисобни очган бўлса, 28-дақиқада “Насаф” Суҳроб Нуруллоевнинг голи билан жавоб қайтарди. Иккинчи бўлимда ҳам бир қатор ҳужумлар ташкил этилган бўлса-да, аммо ҳисоб ўзгармади.

Бугун, 16 март куни Суперлига баҳслари ўз якунига етади. "Сўғдиёна" – "Навбаҳор", "Сурхон" – "Хоразм" ва ОКМК – "Пахтакор" жамоалари рақобатига гувоҳ бўламиз.
Шу ўринда ОКМК – "Пахтакор" ва "Сўғдиёна" – "Навбаҳор" учрашувига оид фактларга эътибор қаратамиз.
Ҳозирга қадар чемпионатлар тарихида ОКМК ва "Пахтакор" жамоалари 34 марта ўзаро тўқнаш келган. Уларнинг 23 та беллашувида "шерлар" ғалаба қозонган ва 5 баҳсда дуранг қайд этилган. ОКМК эса 6 марта зафар қучган. Тўплар нисбати 60/25 "Пахтакор" фойдасига. Олмалиқда ўтган 17 та ўйиннинг 13 тасида "Пахтакор" устун келган бўлса, ОКМК 4 учрашувда ютуққа эришган.
Маълумот ўрнида: ОКМК ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги 2-тур беллашуви соат 20:00 да Олмалиқдаги ОКМК стадионида бошланади.

“Навбаҳор” ва “Сўғдиёна” клублари Ўзбекистон чемпионатларининг Cуперлигасида (олий лига) ўзаро 58 марта учрашган. Ушбу ўйинларнинг 27 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 23 та баҳсда зафар қучган, 8 та ўйинда эса дуранг қайд этилган.
Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 95/68, “Навбаҳор”фойдасига.
Наманганликлар ўзаро беллашувларда 89 очкони қўлга киритган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 77 очко мавжуд. Жиззахда шу пайтгача бўлиб ўтган 29 учрашувнинг 20 тасида мезбонлар ғалаба қозониб, 4 та баҳсда дурангга имзо чекилган ҳамда 5 та беллашувда мағлубиятга учраган.
Эслатиб ўтамиз, “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” баҳси Жиззахдаги “Сўғдиёна” марказий стадионида соат 19:30 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА