Суперлига: чемпионликка даъвогарлар дуранг ўйнади
Футбол бўйича мамлакат Суперлигасининг 24-тур марказий учрашувида “Навбаҳор” жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг “Пахтакор” клубини қабул қилиб, дуранг (1:1) натижа қайд этди.
Ўйинни кўтаринки руҳда бошлаган “Лочинлар” рақиб дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни вужудга келтиришди. Бироқ қулай имкониятлар йўққа чиқарилди.

Аксинча, биргина юзага келган хавфли вазиятни меҳмонлар голга айлантиришди. 43-дақиқада бурчак тўпидан сўнг ироқлик легионер Зайд Тахсин бош билан Ўткир Юсупов қўриқлаётган дарвозани нишонга олиб, “Пахтакор”ни олдинга олиб чиқди.

Иккинчи таймни ҳисобни тенглаштиришга интилган Темур Кападзе шогирдлари 52-дақиқада пенальти тепишди. Лекин 99 фоизлик имкониятдан терма жамоамиз ҳужумчиси Русланбек Жиянов фойдалана олмади.

Кейинги дақиқаларда ҳам “Навбаҳор”нинг “ҳамла”лари давом эттирилди. Ҳужумкор ўйин 84-дақиқада ўз самарасини бериб, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев собиқ жамоаси посбонини доғда қолдириб, мувозанатни тиклашга эришди.

Шу тариқа, ўз майдонида юртимизнинг энг кучли жамоаларидан бири, Ўзбекистон олий ва суперлигаларининг кам сонли доимий икки иштирокчисидан бири – “Пахтакор”дан очко тортиб олган “Навбаҳор” жамоаси 3-ўриндаги мавқеини мустаҳкамлади.

Дарвоқе, ушбу учрашувни Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионда томоша қилиш учун 22 минг 751 нафар мухлис ташриф буюрди. Бу билан “Навбаҳор” ишқибозлари жорий мавсумдаги томошабинлар сони бўйича рекордни қайд этди. Аввалги натижа ҳам айнан наманганлик футбол ихлосмандларига тегишли бўлганини айтиб ўтиш жоиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири