"Superbet Chess Classic Romania 2026": Синдоров Фирузжа билан дуранг ўйнади
Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида ўтаётган “Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнирининг кеча ўтказилган 5-тур мусобақасида Жавоҳир Синдоров қора доналарда франциялик Алиреза Фирузжа билан куч синашди.
Ҳамюртимиз гарчи қора доналарда ҳаракатланган бўлса-да баҳснинг 37-юриш вазиятигача устунликка эга бўлди. Бу қайсидир маънода ғалабага яқин ҳолат ҳам эди. Бироқ кейинги ноодатий юришлар, рақибининг кучли тактик позиция ҳосил этиши қарама-қаршиликнинг дуранг билан якунланишига олиб келди. Томонлар 58-юришда муроса йўлини танлади.

Шунингдек, ушбу турдаги Максим Вашье-Лаграв- Жорден ван Форест, Богдан-Даниэль Дик-Фабиано Каруана, Праггнанандха-Уэсли Со, Аниш Гири- Винсент Каймер баҳсларида ҳам тенглик сақланди.
Бугун, 19 май турнир иштирокчилари учун дам олиш куни сифатида белгиланган.

Эртага, 20 май куни мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг 6-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда АҚШлик Фабиано Каруана билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат турнир мусобақалари 23 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА