Бўлғуси футболчилар “Аякс” мураббийлари назарида
“Аякс” клуби футбол академиясидан ташриф буюрган мутахассислар – Раймонд Аттевелд ва Джоуи Краайбек Учқўрғондаги болалар ва ўсмирларнинг футболга бўлган интилиши ва иқтидорини яқиндан кузатдилар.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида берилган топшириққа кўра, “Навбаҳор” профессионал клубига қарашли футбол мактабини уч йил муддатга Нидерландиянинг дунёга машҳур “Аякс” клуби футбол академияси бошқарувига бериш юзасидан муҳим келишувга эришилганди.


Ҳамкорлик меморандумига асосан, Европа футболи академиясининг тажрибали мураббийлари, скаут ва методистларидан иборат 11 нафар мутахассис Наманганда фаолият юритмоқда. Ушбу кадрлар вилоятдаги футбол инфратузилмаси ва ёш спортчиларни тайёрлаш тизими билан яқиндан танишди.
Айни кунларда бўлажак иқтидорли футболчиларни саралаш мақсадида вилоятнинг барча ҳудудлари, хусусан, Учқўрғон туманида селекция ишлари олиб борилмоқда. Ёш истеъдодларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу амалий саъй-ҳаракатлар миллионлар ўйини ривожи, хусусан болалар футболини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Аякс” клуби футбол академиясидан ташриф буюрган мутахассислар Раймонд Аттевелд ва Джоуи Краайбек ҳам Учқўрғондаги болалар ва ўсмирларнинг футболга бўлган интилиши ва иқтидорини яқиндан кузатдилар. Европалик “скаут”лар ёш чарм тўп эгаларининг техник тайёргарлиги, ўйин тафаккури, тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ҳамда жисмоний имкониятларини баҳолаб, улар орасидан истиқболи борларни саралаш ишларини олиб бордилар.

Бундай селекция тадбирлари вилоятнинг энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларидаги истеъдодларни кашф этиш, уларга ўз имкониятларини намоён этиш учун кенг йўл очиб бермоқда. Учқўрғон туманида ўтказилган кузатувлар давомида ҳам бир қатор ёш, иқтидор соҳиблари мутахассислар эътиборини тортди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири