Сунъий интеллект даврида рақамли дунё трансформацияси
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори эканини доим такрорлаб келади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам жамиятда бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг медиа саводхонлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шунингдек, мамлакатимизда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун, миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга оид Президент фармон ва қарорлари, экстремизмга қарши кураш соҳасидаги давлат дастурлари ҳамда рақамли технология ва ахборот хавфсизлигига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар айни йўналишда олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунёда бағрикенглик маданиятини қарор топтиришга хизмат қилаётган муҳим халқаро ҳужжат сифатида эътироф этилган.
Шу боис, глобаллашув ва рақамли технология жадал ривожланиши шароитида ахборот макони жамият ҳаётининг барча соҳалари, хусусан миллатлараро муносабатлар ва диний ҳаётга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Интернет, ижтимоий тармоқ ва рақамли коммуникация воситалари инсонлар ўртасида ўзаро мулоқотни кенгайтириш билан бирга, айрим ҳолларда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка таҳдид солувчи ғоялар, ёлғон ахборот ва радикал қарашларни тарқатиш майдонига ҳам айланиб бормоқда. Рақамли дунё шароитида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласи алоҳида илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.
Рақамли трансформация шароитида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, илмий ёндашув ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, диний конфессиялар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда экспертлар ўртасидаги самарали мулоқотни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази томонидан Дин ишлари бўйича қўмита, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамкорлигида “Рақамли дунёда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Анжуманда Олий Мажлис депутатлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, диний конфессиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров рақамли дипломатиянинг замонавий аҳамиятига тўхталиб, шундай деди:
– Бугун рақамли макон нафақат ахборот алмашиш воситаси, балки инсонлар онги, қарашлари ва қадриятлари шаклланадиган муҳим майдонга айланди. Халқ дипломатияси рақамли дипломатия билан уйғунлашган ҳолда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси бўлиб бормоқда.
Конрад Аденауэр жамғармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Андре Альгермиссен ўз маърузасида “Барқарор жамият қуришда рақамли технология инсон қадр-қиммати, демократия ва бағрикенглик тамойили билан уйғун ривожланиши зарур”, – дея таъкидлади.
Жамғарма Бош котиби Марк Шпайх эса халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида урғу бериб, “Рақамли даврда инсон ҳуқуқи, диний бағрикенглик ва демократик қадриятларни мустаҳкамлаш соҳасида тажриба алмашувини янада чуқурлаштириш муҳим, – деди.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ғанишер Эрматов “Мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётининг энг муҳим кафолати сифатида миллатлараро тотувликни рақамли муҳитда ҳам асраш, мустаҳкамлаш умумий вазифамиздир”, – дея қайд этди.
Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов ўз сўзида “Рақамли платформалар жамиятни бирлаштирувчи самарали воситага айланиши учун ишончли ва хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш зарур”, – деди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев эса тадбирда видео алоқа орқали қатнашиб, шундай деди:
– Рақамли технологиялар давлат ва жамият ўртасида очиқлик, шаффофлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Ахборот маконида масъулиятли мулоқот маданиятини шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.
Конференция ялпи мажлисида рақамли коммуникация, давлат бошқаруви, диний бағрикенглик, маданиятлар аро мулоқот, медиа саводхонлик, ахборот хавфсизлиги ҳамда ёшлар сиёсатига бағишланган маърузалар тингланди.
[gallery-32709]
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров Марказий Осиё халқларини азалдан ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва яхши қўшничилик анъаналари бирлаштириб келгани, мазкур бой меросни замонавий рақамли воситалар орқали ёш авлод онгига етказиш барқарор тараққиётнинг муҳим шарти эканига урғу берди.
Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари Митрополит Викентий динлар аро мулоқот умуминсоний қадриятга асосланиши, рақамли макон эса ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши лозимлигини билдирди.
“Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Азамат Жалолов ёшлар хавфсиз ва масъулиятли рақамли муҳитни шакллантиришда ҳал қилувчи куч экани, айни жараёнда танқидий фикрлаш ва медиа саводхонлик кўникмасини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
“Зиё Форум” фонди Ёшлар маркази раҳбари Сирожиддин Бозоров ёшларнинг рақамли саводхонлигини юксалтириш, ишончли ахборотни саралаш ва таҳлил қилиш кўникмасини шакллантириш экстремистик ғояларга қарши энг самарали маърифий чоралардан бири эканини таъкидлади.
Анжуман якунида рақамли маконда диний бағрикенглик ва миллатлар аро тотувликни мустаҳкамлаш, экстремизм ва радикализм профилактикаси, медиа саводхонликни ривожлантириш, ёшлар ахборот маданиятини юксалтириш ҳамда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
Таъкидланганидек, мазкур халқаро илмий-амалий конференция Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллатлар аро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, рақамли маконда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдонига айланди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати кўмагида тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА