Суд тизимида киберхавфсизлик, рақамли далиллар ҳамда сунъий интеллектдан қандай фойдаланилади?
Одил судлов академиясида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон суд тизими вакиллари иштирокида халқаро ўқув курси ташкил этилди.
Уч кунлик дастур киберхавфсизлик, рақамли далиллар ҳамда суд фаолиятида сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиш масалаларига бағишланди.
Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров, Одил судлов академияси ректори Ш.Абдуқодиров мамлакатимизда тизимни модернизация қилиш, судьяларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва одил судловга замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.
Мазкур халқаро курс Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида йўлга қўйилди.
Курс давомида Олий суд судьялари, Судьялар олий кенгаши аъзолари ҳамда киберхавфсизлик, рақамли криминалистика, суд экспертизаси ва сунъий интеллект соҳаларидаги етакчи маҳаллий мутахассислар ўз маърузалари билан қатнашмоқда.
Муҳокамалар минтақа давлатлари суд тизимлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашишда муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Ўқув дастури доирасида суд амалиётида рақамли далилларни баҳолашнинг ҳуқуқий ва процессуал жиҳатлари, Интернетнинг яширин сегменти – Даркнет, блокчейн технологияси ва криптоактивлар билан боғлиқ жиноятлар компьютер-техника экспертизаси ва судьялар фаолиятида ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект, ижтимоий муҳандислик ва янги кибертаҳдидларнинг суд амалиётига таъсири каби долзарб мавзулар қамраб олинди.
[gallery-32319]
Мазкур курс иштирокчиларнинг кибертаҳдидларни аниқлаш, рақамли далиллар ва эксперт хулосаларининг ишончлилигини баҳолаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Дастур доирасида хорижий меҳмонлар учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Ислом цивилизацияси марказига ташрифлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу ташрифлар хорижлик судьяларни юртимиздаги ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан яқиндан таништиради.
Халқаро ўқув курси якунида машғулотлар натижалари сарҳисоб қилиниб, иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА