Газ қувурлари реконструкция қилинди
Газ таъминотида барқарорликни таъминлаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли хавфсизлигини мустаҳкамлаш — бугунги куннинг долзарб вазифаларидан. Бухоро вилоятида жорий йил бошидан буён 139 километр газ қувури реконструкция қилиниб, қарийб 100 километр тармоқ эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. Бу ишлар нафақат газ таъминоти сифатини яхшилаш, балки куз-қиш мавсумида эҳтимолий узилишларнинг олдини олишга ҳам қаратилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан энергетика тармоқларини модернизация қилиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янгилаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича белгиланаётган устувор вазифалар жойларда изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, табиий газ таъминотида эскирган қувурларни босқичма-босқич янгилаш, газ тақсимлаш тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ва истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, газ таъминотидаги барқарорлик фақат ресурс мавжудлигига эмас, балки уни истеъмолчига етказиб берадиган инфратузилманинг ишончлилигига ҳам бевосита боғлиқ.
Шу мақсадда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан вилоятда кенг кўламли таъмирлаш, реконструкция ва профилактика ишлари амалга оширилмоқда.

Эътиборлиси, сўнгги йилларда газ қувурларини янгилаш ишларининг кўлами изчил кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда вилоят бўйича 45 километр, 2024 йилда 56 километр, 2025 йилда 127 километрдан ортиқ газ қувури реконструкция қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврига қадар бу кўрсаткич 139 километрга етди.
Бу рақамлар тармоқни янгилаш ишлари йилдан-йилга кенгайиб бораётганини кўрсатади. Айни пайтда қарийб 100 километр газ қувури ташқи кўриниш жиҳатидан ҳам тартибга келтирилди. Бу эса шаҳар ва қишлоқлар муҳитини ободонлаштириш билан бирга, газ инфратузилмасини ягона тартибга келтиришга хизмат қилади.
— Газ таъминоти тизимидаги ҳар қандай янгиланишнинг асосий мезони — истеъмолчига хизмат кўрсатиш барқарорлиги ва хавфсизлигидир. Шу боис жорий йилда реконструкция ишларига алоҳида эътибор қаратдик. 139 километр газ қувурининг янгиланиши натижасида тармоқларнинг техник ҳолати яхшиланиб, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан ишончли таъминлаш имкониятлари кенгаймоқда. Бу ишлар келгусида юзага келиши мумкин бўлган носозлик ва узилишларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамиятга эга, — дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Сирожиддин Авезов.
Қиш мавсумига тайёргарлик фақат газ қувурларини таъмирлаш билан чекланмайди. Бу жараён газ босимини меъёрда сақлаш, тақсимлаш қурилмаларининг техник ҳолатини назорат қилиш ва истеъмолчилар тармоқларини мавсумий юкламаларга тайёрлашни ҳам талаб этади.

Шу боис вилоятдаги мавсумга тайёргарлик ишлари доирасида 33 та газ маромлаш қурилмаси мукаммал таъмирланди, 3 мингдан ортиғи техник кўрикдан ўтказилди. Қарийб 22 минг хонадоннинг табиий газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилди. Бундай чора-тадбирлар газ тақсимотини янада самарали ташкил этиш, тармоқлардаги босимни барқарорлаштириш ва мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Бироқ газ таъминотидаги барқарорлик фақат техник тадбирларга боғлиқ эмас. Истеъмолчиларнинг хавфсизлик қоидаларига амал қилиши ҳам муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун филиал томонидан маҳаллаларда тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам изчил олиб борилмоқда. Аҳолига газ жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, хоналарни мунтазам шамоллатиш, дудбуронларни тозалаш ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар берилмоқда.
Айниқса, куз-қиш мавсумида иситиш ускуналаридан фойдаланиш кўпайишини инобатга олганда, бундай профилактик тадбирларнинг аҳамияти янада ортади. Чунки бир қарашда оддий туюлган хавфсизлик қоидаларига бепарволик инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Дудбуронларни тозалаш, газ жиҳозларининг техник ҳолатини текшириш ва хонадонларда хавфсизлик талабларига риоя этилишини тушунтириш ишлари ҳам шу мақсадга қаратилган.
Умуман олганда, Бухоро вилоятида газ қувурларини реконструкция қилиш, газ маромлаш қурилмаларини таъмирлаш, тармоқларни техник назоратдан ўтказиш ва аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш бир-бирини тўлдирувчи муҳим жараёнлардир.
Энг муҳими, амалга оширилаётган ишлар натижаси фақат янгиланган қувурлар ёки таъмирланган қурилмалар билан эмас, балки истеъмолчи хонадонида газ таъминотининг барқарорлиги, хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлик даражаси билан баҳоланади. Шу маънода, «Ҳудудгаз Бухоро» филиали томонидан олиб борилаётган ишлар аҳоли фаровонлиги ва куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган муҳим амалий чора-тадбирлардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири