Стол тенниси: ITTF ва ATTU раҳбарлари Тошкентда
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт майдонларида стол тенниси бўйича Осиё чемпионати ўтказилмоқда. Мазкур мусобақа доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун юртимизга келган Халқаро стол тенниси федерацияси (ITTF) президенти Петра Сёрлинг ҳамда Осиё стол тенниси иттифоқи (ATTU) президенти Ҳалил Ал-Моҳаннади мамлакатимиз спорт мутасаддилари билан расмий учрашувлар ўтказди.
Самимий ва дўстона кечган мулоқотлар давомида Ўзбекистон спорт инфратузилмасининг имкониятлари, замонавий спорт мажмуаларида яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, стол теннисини янада оммалаштириш ва келгусидаги истиқболли режалар муҳокама қилинди.


Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва бош котиб Ойбек Қосимов, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Шерзод Кудбиев билан ўтказилган суҳбатларда Петра Сёрлинг Ўзбекистон пара спортчиларининг Параосиё ўйинларидаги тарихий натижаларини эътироф этиб, бундай ғалабалар ортида тизимли ва профессионал меҳнат ётганини, машғулотлар ва мусобақалар тўғри йўлга қўйилганини таъкидлади.

Шунингдек, “Олимпия шаҳарчаси”да яратилган замонавий имкониятлар, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва келгуси ҳамкорлик истиқболларига катта умид билдиришини айтиб, ITTF раҳбари Ўзбекистон янги имкониятлар мамлакати сифатида халқаро майдонда обрў-эътибор қозонаётганидан мамнунлигини билдирди.
Т.Рўзиев,
ЎзА