Ўзбекистонлик полвонлар медаллар учун баҳс олиб боради
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида спорт курашлари бўйича ўтаётган жаҳон чемпионатида бугун, 26 октябрь куни 3 нафар полвонимиз баҳсларга киришади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, чемпионатда кун давомида саралаш ва Repechage баҳслари ўтказилади. -63 ва -87 кг. вазн тоифаларида ярим финал учрашувлари, 130, 72 ва 97 кг. вазн тоифаларида эса финал баҳслари ҳамда тақдирлаш маросими режалаштирилган.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида Озодбек Ҳалимбоев (-63 кг), Айтжан Халмаханов (-67 кг) ва Муҳаммадқодир Расулов (-87 кг) гиламга чиқади. Шунингдек, Рафаэль Цицуашвили (-130 кг) Repechage беллашувларида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси вакили Алишер Ғаниев бронза медалига сазовор бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА