Стандартлаштириш соҳасида ASTM International билан ҳамкорлик ҳужжати имзоланди
АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда ASTM International ўртасида стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлди.
Музокараларда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш тажрибаси ҳамда сифат инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларига инновацион ёндашувларни татбиқ этиш ва маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш имкониятларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикада нефть-газ ва бошқа стратегик тармоқларда 400 га яқин ASTM стандартлари қўлланилмоқда. Келгуси 2026 йилда эса саноат соҳалари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қўшимча 300 та стандартни жорий этиш режалаштирилган.

Учрашув доирасида Тошкент шаҳрида малака ошириш тренинглари ва амалий семинарлар ўтказиш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда мувофиқликни баҳолаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Музокаралар якунида томонлар стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тегишли ҳужжатни имзолади.
ЎзА