Ўзбекистон ташаббуси билан йўл-йўл сиртлон муҳофазаси халқаро даражада кучайтирилади
Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвон турларини сақлаш тўғрисидаги Конвенция томонлари конференциясининг 15-йиғилиши (CMS COP15) якунларига кўра, биохилма-хилликни сақлашга қаратилган глобал чораларни кучайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Конвенциянинг I ва II иловаларига қарийб 40 та ҳайвон тури ва популяциялари, шунингдек, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар киритилди ёки янгиланди.
Манфаатли қарорлардан бири Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан йўл-йўл сиртлоннинг Конвенция рўйхатларига киритилиши бўлди. Ушбу ташаббус Тожикистон Республикаси билан ҳамкорликда илгари сурилган бўлиб, турнинг халқаро миқёсда муҳофазасини таъминлаш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатлар натижаси ҳисобланади.
Йўл-йўл сиртлон ноёб ва заиф турлар сирасига киради. Унинг сони яшаш муҳитининг йўқ қилиниши, тўғридан-тўғри таъқиб қилиниши ҳамда озуқа базасининг камайиши сабабли қисқариб бормоқда. Марказий Осиёда ушбу тур тарқоқ ҳудудларда учрайди ва унинг трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда мувофиқлаштирилган муҳофаза чораларини талаб қилади.
Қабул қилинган қарор турнинг халқаро даражада муҳофазасини кучайтириш ҳамда келишилган чораларни амалга оширишни назарда тутади. Бунга популяцияларни мониторинг қилиш, асосий хавф омилларини камайтириш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш киради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ташаббуси билан йўл-йўл сиртлон Марказий Осиё сутэмизувчилар ташаббуси (CAMI) доирасига ҳам киритилди. Бу эса турнинг муҳофазаси бўйича келгусида ишларни биргаликда амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА