Спортчиларга замонавий жиҳозлар
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги байрами арафасида Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги спорт-таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда.
Туман спорт мактабида ўтказилган тадбирда республика Спорт вазирининг ўринбосари Шахрилло Маҳмудов, Давлатобод тумани ҳокими Анвар Тожимирзаев ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар учун муносиб шароитлар ҳозирлаш ва машғулотлар сифатини янада ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбирда Спорт вазирлиги томонидан тақдим этилган тўққиз турдаги 400 дан ортиқ замонавий спорт жиҳозлари, анжомлари ва кийимлар спортчиларга топширилди.

Шунингдек, спортнинг бир қатор турларида шогирдларининг муваффақиятли натижаларига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган мураббийлар ҳам муносиб тақдирланди.
Байрам муносабати билан Наманган Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган ёшлар ва спортчилар иштирокидаги очиқ мулоқотда Шахрилло Маҳмудов, Наманган вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Дадабоев иштирок этди.

Самимий руҳда кечган учрашув давомида мамлакатимизда спортни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш истеъдод эгаларига яратилаётган замонавий шароитлар ҳамда келгусидаги истиқболли режалар юзасидан фикр алмашилди.


Тадбир якунида, спортда муносиб натижаларга эришаётган бир гуруҳ йигит-қизлар тантанали равишда тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.