Спорт синовларида юртимизнинг қанча ўқувчи ёшлари иштирок этди?
Давлатимиз раҳбарининг “Умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида ҳар ўқув йили давомида ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Ўтган ўқув йилидан бошланган мазкур лойиҳа доирасида ўқувчи ёшларни оммавий спорт машғулотлари билан қамраб олиш, жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг билим кўникмаларини белгилашга зарур шарт-шароитлар яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Жорий йилнинг февраль–май ойларида умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан ихтиёрий ва махсус талаблар бўйича қабул қилинган спорт синовлари қанча ёшни бирлаштирди? Натижалар қандай бўлди?
Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Умид Жўраевнинг билдиришича, мамлакатимиздаги 10 204 та умумтаълим мактаблари ўқувчилари ихтиёрий талаблар бўйича жами 4.3 миллион нафар ёки 67 фоиз ўқувчи спорт синовларини топшириш учун тегишли тартибда рўйхатдан ўтган. Уларнинг 4 миллион нафари спорт синовларининг мезон талабларини бажарган бўлса, 681 минг нафари ёки 17 фоиз ўқувчилар натижа кўрсата олмаган.
Махсус талаблар бўйича 40 минг нафар ўқувчи спорт синовларини топширишда қатнашган. Уларнинг 31 минг нафари мезон талабларини бажарган. 9 минг нафари эса белгиланган меъёр кўрсаткичларини қайд эта олмаган.
Юртимиз мактабларида ўтказиладиган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида спорт синовларининг махсус талаблари бўйича топширган 2 045 нафар ўқувчи ҳамда ихтиёрий талаблар асосидаги синовлардан муваффақиятли ўтган 3 731 нафар ўқувчи I, II ва III даражали дипломлар, кўкрак нишонлари ҳамда эсладик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА