Байроғимиз юксакларда: Параосиё ўйинларида рекордлар куни давом этади!
Япониянинг Аичи ва Нагоя ҳудудида ўтказилаётган V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари муваффақиятли иштирок этмоқда. Мусобақаларнинг 23 октбярь кунги беллашувларида пара атлетларимиз бир қатор медаллар шодаси билан биргаликда Осиё ҳамда Параосиё ўйинлари рекордларини янгилади.
Жумладан, Пара енгил атлетика баҳслари делегациямиз учун ҳақиқий рекордлар майдонига айланди. Хусусан, аёллар ўртасида Т11 классида узунликка сакраш финалида иштирок этган Асила Мирзаёрова 5,04 метр натижа қайд этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва Параосиё ўйинлари рекордини янгилади. Ушбу йўналишда маҳорат кўрсатган яна бир вакиламиз Шаҳризода Темирова 4,73 метр натижа билан бронза медални қўлга киритди. Эътиборлиси, Асила Мирзаёрова мазкур нуфузли мусобақадаги иштирокини 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан якунлаб, универсал маҳоратини яна бир бор намоён этди.
Т12 классидаги сакраш баҳсларида эса Ҳусния Олимжонова 5,46 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, Параосиё ўйинларининг янги рекордини ўрнатди. Ушбу дастурда Ёқутхон Холбекова 5,44 метр кўрсаткич билан кумуш медалга сазовор бўлиб, ўзбек маҳорат мактаби устунлигини таъминлади.
Аёллар ўртасида F46 классида ядро улоқтириш финалида Каромат Омонова 13,16 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди ва Осиё рекордини янгилади. Доғда қолган рақиблар фонида Шаҳинахон Йигиталиева 11,72 метр натижа қайд этган ҳолда бронза медалга эга чиқди.

Эркаклар ўртасида F32 классида клуб улоқтириш баҳсида Хуршид Қодиров 36,11 метр натижа билан тенгсиз деб топилди ва Параосиё ўйинлари рекордини янгилади. Ушбу йўналишда Суннат Ботиров 33,67 метр кўрсаткич билан бронза медални қўлга киритди.
Маҳоратли пара спортчимиз Хуршид Қодиров югуриш йўлагида ҳам ҳақиқий маҳорат кўрсатди. Т71/72 классида 100 метрга югуриш финалида у маррага 15,40 сонияда биринчи бўлиб етиб келди ва навбатдаги Осиё рекордини ўрнатди. Шу тариқа, спортчимиз бир куннинг ўзида иккита олтин медални қўлга киритиб, мусобақанинг энг ёрқин қаҳрамонларидан бирига айланди.

Шунингдек, эркаклар ўртасида Т11 классида узунликка сакраш финалида Урганчбек Эгамназаров 6,17 метр натижа билан кумуш, Қобилжон Шодиев эса 5,74 метр кўрсаткич билан бронза медалига эга чиқди.
Аёллар ўртасида Т71/72 классида 100 метрга югуриш финал баҳсида Набира Қайматдинова 20,41 сония натижа билан кумуш, Маҳлиё Акрамова эса 21,66 сония билан бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида F54/55/56 классида диск улоқтириш баҳсида Бунёд Холмуродов 34,70 метр натижа кўрсатиб, учинчи ўринни эгаллади.
Сузиш ҳавзасида ҳам маҳоратли пара сузувчиларимиз юқори натижаларни қайд этди. Эркаклар ўртасида S13 классида 200 метрга комплекс усулда сузиш финалида Егор Болотов 2 дақиқа 12,97 сония натижа кўрсатиб, олтин медалга сазовор бўлди ва Осиё рекордини янгилади. Ушбу баҳсда Дмитрий Хорлин 2 дақиқа 19,91 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.
Аёллар ўртасида SM13 классида 200 метрга комплекс усулда сузишда Муслима Одилова 2 дақиқа 42,02 сония билан кумуш, Мубинабону Халилова эса 2 дақиқа 43,64 сония билан бронза медалини эгаллади.
Муслима ва Мубинабону жуфтлиги S13 классида 100 метрга капалак усулида сузиш финалида ҳам шоҳсупага кўтарилди. Муслима Одилова 1 дақиқа 7,93 сония натижа билан олтин, Мубинабону Халилова эса 1 дақиқа 19,73 сония билан кумуш медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, S5 классида чалқанча сузиш баҳсида Лолахон Қодирова (42,97 сония) бронза, S7 классида 50 метрга эркин усулда сузиш финалида Сардор Бахтиёров (29,72 сония) учинчи ўринни эгаллади.

Пара велоспортнинг шоссе йўналишида C4–5 классидаги гуруҳ пойгаси финалида Азимбек Абдуллаев 1:48.55 натижа билан марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтиб, делегациямиз ҳисобига навбатдаги кумуш медални қўшди.
Пара пауэрлифтинг бўйича аёллар жамоавий дастурида Рўза Қўзиева, Рухшона Ўктамова ва Қудратой Тошпўлатовадан иборат Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 303,09 балл натижа билан фахрли бронза медалига эга бўлди.
V Параосиё ўйинларининг 23 октбярь кунги беллашувлар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон делегацияси 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза, жами 145 та медаль билан учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ушбу жадвалда Хитой делегацияси 204 та олтин, 115 та кумуш ва 108 та бронза, жами 427 та медаль билан биринчи ўринда бормоқда. Япония вакиллари эса 63 та олтин, 60 та кумуш ва 62 та бронза, жами 185 та медаль билан иккинчи ўринни банд этган. Кучли бешликдан Ҳиндистон 30 та олтин, 35 та кумуш, 49 та бронза, ва Жанубий Корея 28 та олтин, 36 та кумуш, 33 та бронза медаль билан жой олган.
Кейинги ўринларда Эрон — 26 та олтин, 36 та кумуш ва 40 та бронза, Таиланд — 18 та олтин, 39 та кумуш ва 63 та бронза, Индонезия — 14 та олтин, 20 та кумуш ва 37 та бронза, Қозоғистон — 12 та олтин, 16 та кумуш ва 22 та бронза, Саудия Арабистони эса 8 та олтин, 8 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан бормоқда.

Ўзбекистон вакилларининг Параосиё ўйинларидаги иштироки нафақат медаллар салмоғи, балки ўрнатилаётган рекордлар билан ҳам тарихга кирмоқда. Асила Мирзаёрова, Ҳусния Олимжонова, Каромат Омонова, Егор Болотов ва Хуршид Қодиров каби спортчиларимизнинг рекорд натижалари ўзбек параспортининг халқаро майдондаги юқори салоҳиятидан далолат беради.
Бир спортчининг бир нечта йўналишда шоҳсупага кўтарилиши ва айрим беллашувларда ҳамюртларимизнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта медални қўлга киритиши терма жамоамизнинг умумий муваффақиятини таъминламоқда. Мазкур зафарлар спортчиларнинг йиллар давомидаги машаққатли меҳнати, мураббийлар штабининг тизимли саъй-ҳаракатлари ва давлатимиз томонидан яратилган пухта шароитлар мевасидир.
Мусобақада 11 та спорт тури бўйича 149 нафар спортчи билан иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси учун 24 октябрь куни ҳам медаллар жамғармасини янада бойитиш ва янги марраларни забт этиш имконияти сақланиб қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА