Солиқ қўмитаси савдо соҳасида банк карталари орқали ўтказмаларни текширишни бошлади
Сўнгги кунларда солиқ органлари томонидан жисмоний шахсларга юборилаётган огоҳлантириш ва хабарномалар жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, P2P — пластик картадан пластик картага амалга оширилаётган пул ўтказмалари билан боғлиқ назорат чораларининг кучайиши тадбиркорлар ва фуқароларда турли саволларни юзага келтирди.
Солиқ қўмитаси берган расмий баёнотга кўра, айни пайтда савдо фаолияти билан шуғулланувчи айрим хўжалик юритувчи субъектларда савдо амалиётлари P2P орқали амалга оширилаётган ҳолатлар таҳлил қилинмоқда. Мазкур таҳлиллар жараёнида баъзи даромадлар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмагани аниқланаётгани таъкидланмоқда.
Қўмита маълумотига кўра, бу каби ҳолатлар давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағларнинг тўлиқ шаклланмаслигига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан юридик шахсларда фаолият юритувчи раҳбар ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган маблағлар юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, рақамли иқтисодиёт ривожланаётган бугунги шароитда электрон тўловлар устидан назоратнинг кучайтирилиши табиий жараён ҳисобланади. Чунки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ортиб бораётган бир вақтда айрим тадбиркорлик субъектлари расмий ҳисоб-китоб тизимидан четлаб ўтишга уринаётгани яширин иқтисодиёт улушини сақлаб қолмоқда.
Солиқ қўмитаси ушбу жараён жазолаш ёки босим ўтказишга эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ва ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилганини билдирмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир тўланган солиқ мамлакат тараққиёти, ижтимоий объектлар қурилиши ва аҳоли фаровонлиги учун муҳим манба экани алоҳида таъкидланмоқда.
Бироқ жамоатчиликни қизиқтираётган асосий масалалардан бири — жисмоний шахсларга юборилаётган хабарномалардаги маълумотлар қандай тартибда шакллантирилаётгани ва уларнинг ҳуқуқий асослари билан боғлиқдир. Айрим фуқаролар орасида банк карталаридаги оддий шахсий ўтказмалар ҳам назоратга тушадими, деган хавотирлар мавжуд.
Ҳозирча қўмита томонидан P2P операциялари бўйича қандай мезонлар асосида таҳлил ўтказилаётгани, қайси ҳолатлар тадбиркорлик фаолияти сифатида баҳоланиши ҳамда кейинги ҳуқуқий ёки молиявий оқибатлар қандай бўлиши юзасидан батафсил изоҳ берилмаган.
Экспертларнинг фикрича, келгусида мазкур жараённинг ҳуқуқий асослари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шахсий молиявий операцияларни аниқ ажратиб берувчи механизмлар бўйича қўшимча тушунтиришлар берилиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, иқтисодиётни “соя”дан чиқариш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва тенг рақобат муҳитини яратиш мамлакат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса рақамли иқтисодиёт шароитида молиявий шаффофлик талаблари янада кучайиб боришини англатади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА