Тиббий - скрининг тадбири ташкил этилди
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида аҳоли ўртасида сил касаллигини эрта аниқлаш ва унинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган тиббий-скрининг тадбири ўтказилди. Унда 162 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, рентген ва махсус лаборатория таҳлиллари амалга оширилди.
Тадбир “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди патронаж бригадаси ташаббуси билан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Скрининг жараёнлари Сардоба туманидаги 20-оилавий поликлиника ҳудудида жойлашган Юртдош, Дўстлик ва Қўрғонтепа маҳаллалари аҳолисини қамраб олди. Текширувлар давомида 136 нафар фуқаро рентген текширувидан ўтказилди. Шунингдек, 31 нафар аҳолидан квантиферон таҳлили учун, 67 нафаридан эса диаскинтест учун қон намуналари олинди.

Тадбир доирасида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига ҳам эътибор қаратилди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан 180 қути дори-дармон, 100 дона кўзойнак ҳамда сил касаллиги профилактикасига оид 150 дона ахборот-тарғибот материаллари тарқатилди.
– Бу лойиҳа аҳолига тиббий хизматларни яқинлаштириш, сил касаллигини эрта босқичда аниқлаш ва скрининг қамровини кенгайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, фуқароларнинг тиббий маданияти ва ўз саломатлигига масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё филиали раҳбари, педиатр Юлдуз Усмонова.

Мазкур лойиҳа сил касаллигига қарши кураш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи халқаро ташкилотларнинг “Институционал ва жамият даражасида ҳаётий зарур тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаш” дастури доирасида амалга оширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири