Солиқ мавзуси ёш истеъдод ижодида
Юртимизда ёш авлодни билимли, ташаббускор ва ижодкор этиб тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Солиқ қўмитаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Солиқ билимлари — ёш авлодга” танлови ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим майдон бўлди.
Танловнинг республика финал босқичида 5-7-синф ўқувчилари ўртасида “Солиқлар мавзусининг суратларда тасвири” йўналишида Мирзаобод тумани 1-сонли мактаб ўқувчиси Асилбек Сафаров ўзининг ноёб ижодий ёндашуви ва ранглар орқали фикр ифодалаш маҳорати билан фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Унинг ижодий ишларида солиқ тизими ва жамият тараққиёти ўртасидаги боғлиқлик болалар нигоҳида содда, бироқ мазмунан чуқур тарзда акс этгани эътироф этилди.
Ёш истеъдоднинг ютуғи муносабати билан унинг илк шахсий кўргазмаси Сирдарё вилоят маънавият ва маърифат марказида ташкил этилди. Вилоят солиқ бошқармаси ташаббуси билан уюштирилган ушбу тадбир нафақат ижодий кўргазма, балки ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини намоён этишга қаратилган муҳим маънавий лойиҳа сифатида баҳоланди.
[gallery-29282]
Тадбирда вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти, тегишли бўлим ва шуъба бошлиқлари, ҳамкор ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар ёш рассом ижодига юксак баҳо бериб, унинг асарларида солиқ маданияти, адолат тамойиллари ҳамда иқтисодий жараёнларнинг ўзига хос талқини акс этганини таъкидладилар.
Кўргазма доирасида Асилбек Сафаровнинг ранг-баранг ва мазмунли ижодий ишлари намойиш этилди. Ҳар бир асарда у солиқ тушунчасини ёшларга хос тасаввур ва бадиий услубда ифодалашга муваффақ бўлган.
Тадбирнинг энг қизиқарли қисми сифатида ўтказилган аукцион савдосида 10 та ижодий иш иштирок этди. Ундаги асарлар иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан харид қилиниб, ёш ижодкор учун қўшимча моддий ва маънавий рағбат бўлди.
– Мазкур ташаббус бир томондан солиқ соҳасига оид билимларни кенг оммалаштиришга хизмат қилса, иккинчи томондан ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг амалий намунаси сифатида эътироф этилади. Асилбек Сафаров каби иқтидорли ёшларнинг ижоди келажакда юртимиз маънавий ва маданий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз, – дейди кўргазмада иштирок этган Сирдарё вилоят солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи Илғор Халилов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА