Ёшлар ҳарбий қисм фаолияти билан танишди
9 май — Хотира ва қадрлаш куни олдидан Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали томонидан талаба-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий касбга қизиқишни ошириш мақсадида Янгиер шаҳридаги ҳарбий қисмда “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга ҳарбий қисмнинг кундалик фаолияти, хизмат жараёнлари, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг талаба-ёшлар ҳарбий қисм ҳудуди билан яқиндан танишиб, аскарлар учун барпо этилган ётоқхоналар, маънавият хоналари, спорт майдонлари ҳамда жанговар тайёргарлик жараёнларини кузатдилар. Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган саф тайёргарлиги ва кўргазмали чиқишлар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
[gallery-29286]
Тадбир доирасида ўтказилган очиқ мулоқотда ёшлар ва ҳарбийлар ўртасида Ватан ҳимоясининг муқаддас бурч экани, ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти ҳамда интизомнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.
ТКТИ Янгиер филиали Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Отабек Донабоев тадбир ҳақида фикр билдириб, бу каби учрашувлар ёшларнинг дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
– Ёшлар ҳарбий қисм ҳаёти билан бевосита танишганда уларнинг бу соҳага бўлган муносабати тубдан ўзгаради. Бугунги учрашувда талабаларнинг фаол иштироки ва қизиқишини кўриб, бундай тадбирлар уларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини яна бир бор англадик, – деди у.
Таъкидланишича, “Очиқ эшиклар куни” каби тадбирлар ёшларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, уларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш ҳамда келажакда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА