Соҳибқирон ёд этилди
Самарқандда буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Амир Темур туғилган кунига бағишланган тадбирлар буюк жаҳонгир мақбараси зиёрати билан бошланди.
Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, фаоллар соҳибқиронни ёд этдилар, Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, бу йил Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар даврига оид тарихий обидалар, ёдгорликлар реставрация қилиняпти, атрофи обод бўлмоқда. Жумладан, Амир Темур мақбарасида ҳудудида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зиёратчилар учун қулайлик ва имкониятлар яратилмоқда. Тадбир қатнашчилари олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими А.Бобоев бошчилигида Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
– Буюк жаҳонгир халқимизнинг фахри, ғуруримиз тимсоли, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раиси Холбек Кўбаев. – Лекин бу улуғ аждодимизга муносиб бўлиш бугунги авлоднинг бурчи ҳисобланади. Шу жиҳатдан жорий йилдан бошлаб апрель ойи юртимизда “Амир Темур ойлиги” сифатида ўтказилаётгани эътиборли, албатта. Ойлик доирасида вилоятимиздаги таълим муассасалари, маҳаллаларда тарихчи олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар, маънавият тарғиботчилари иштирокида учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
[gallery-28654]
Амир Темур таваллуд кунига бағишланган тадбирлар вилоятдаги таълим муассасалари, театр ва музейлар, маданият масканларида давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари