Соғлом ва баркамол ёшлар камол топмоқда
Спорт ўғил-қизларда кучли ирода, ғалаба ва мақсад сари интилиш фазилатларини тарбиялашда, уларнинг қалбига ватанпарварлик, эл-юртга садоқат, фахр-ифтихор каби туйғуларни сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда спорт, жумладан, болалар спортини ривожлантириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун кенг имконият яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор навқирон авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етишига хизмат қилмоқда.
Буни пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тарбияланаётган ўғил-қизлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Барча зарур шароитга эга мазкур мактабда ташкил этилган 12 спорт тури – футбол, бокс, карате, дзюдо, бадиий гимнастика, юнон-рум кураши, қиличбозлик, оғир атлетика, стол тенниси, муай-тай, миллий спорт турларидан миллий кураш, бел олиш кураши секцияларида 700 нафардан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларга 26 нафар мураббий ушбу спорт турлари сирларини ўргатмоқда.

– Бугунги кунда болалар, айниқса, ота-оналарнинг спортга муносабати бутунлай ўзгарди. Эндиликда аксарият ота-оналар спортга фарзандлари соғлом ва бақувват бўлиб улғайишининг асосий омили сифатида қарамоқда. Мактабимизда спорт билан шуғулланувчи ўғил-қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётгани ҳам буни тасдиқлайди, – дейди мактаб директори Дилшод Маҳмудов. – Болаларнинг кўзларидаги иштиёқ, ўзига бўлган ишонч ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Чунки уларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча имконият яратилган.
Мактабда ўғил-қизларнинг спорт турларини пухта ўзлаштириши учун тажрибали мураббийлар жалб этилган. Футбол майдони, ёпиқ спорт зали, тиббиёт, ювиниш хоналари улар ихтиёрида. Мажмуада машғулот ўтиш учун барча спорт анжомлари билан таъминлангани машғулотларни юқори савияда ташкил этиш имконини бермоқда.
Шунингдек, жорий йилги мавсумда мазкур спорт мактаби шуғулланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида Учтепа тумани ҳокимлиги томонидан мактаб биноси қайта таъмирлаб берилди. Таъмирлаш доирасида ташқи-ички фасад ҳамда канализация тизими, ёритиш тизими, имконияти чекланган инсонлар учун имкониятлар мактаб маблағлари томонидан янгиланди.
Бу ерда болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлиги, жисмоний ва руҳий ҳолати мунтазам қайд этиб борилади. Ўтган йилги тиббий кўрик натижалари ўғил-қизларнинг бўйи ўсгани, вазни меъёрлашганини кўрсатди. Спорт билан мунтазам шуғулланаётган болалар тез-тез учраб турадиган касалликларга чалинмаётгани ота-оналарни хурсанд қилмоқда.
Мактаб тарбияланувчилари ўзлари танлаган спорт турларида юқори натижаларга эришмоқда.
Жумладан, бокс, эркин кураш, каратэ, дзюдо ва тўгаракларига қатновчи ўғил-қизларнинг эришаётган натижаларига ҳавас қилса арзийди. 2020-2021 йилги спорт мавсумида мактаб тарбияланувчиларидан қарийб 150 нафари Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида шоҳсупага кўтарилди ва 57 нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоа аъзосига айланди.

Учтепа тумани 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори Шоҳжаҳон Абдуллаев, муайтай бўйича дунё биринчилиги бронза медали соҳиби, 7 карра мамлакат чемпиони Муҳриддин Сайфуллайев, мазкур спорт тури бўйича жаҳон чемпиони Собит Оқилбеков, каратэ (WKF) спорт тури бўйича халқаро мусобақаларда шоҳсупага кўтарилган Тенгиз Aбдунабиев, Бехруз Aбдуваҳобов, Асилбек Сагатов каби умидли спортчилар камол топмоқда.
– Шогирдларимнинг ҳаммаси иқтидорли, ўзига нисбатан ишончи баланд. Лекин болаларнинг спортда натижага эришиши фақат жисмоний машғулотларга боғлиқ эмас, – дейди муайтай бўйича мураббий Аҳмаджон Мирзаев. – Шу боис, машғулот давомида уларни руҳий жиҳатдан чиниқтиришга, уларда ватанпарварлик туйғусини ўстиришга, оилада ўзини тутиши, мактабдаги дарсларини ўзлаштиришини назорат қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Муррабийлик фаолиятим давомида 200 дан ортиқ мамлакат ва бир қатор жаҳон чемпионларини камол топтирдим. Бу натижаларга эришишимизда мамлакатимизда спортга қаратилаётган улкан эътибор муҳим аҳамият касб этмоқда.
Спорт мактабининг юнон-рум кураши бўйича тўгарагида 4 йилдан бери шуғулланиб келаётган 14 ёшли Жалолиддин Суннатов ушбу спорт бўйича пойтахтимиз чемпиони, бел олиш ва уч кураш спорт тури бўйича мамлакат чемпионати ғолиблигини қўлга киритди. У ёш бўлишига қарамай юқори натижаларни қўлга киритган бўлса-да, ғурурланмаслиги, ўзини тутиши, муомаласидан спорт фарзанд тарбиясида нечоғли аҳамиятга эга эканига амин бўлдик.
– Оиламизда соғлом турмуш тарзига жиддий эътибор қаратамиз, шу сабабли ҳам фарзандимни болалик чоғидан спортга ошно қилиб ўстирмоқдаман, – дейди Жалолиддиннинг онаси Нилуфар Толибоева. – Ўғлим спорт билан шуғуллангандан бери тартиб-қоидага, тозаликка, дарсларни ўзлаштиришга янада масъулият билан қарайдиган бўлди. Асосийси, у соғлом бўлиб ўсаяпти. Ота-она учун бундан ортиқ бахт йўқ. Шунингдек, ўғлиб мусобақаларда шоҳсупага кўтарилиб мураббийлари ва бизнинг ишончимизни оқламоқда. Насиб этса, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ҳамда Осиё ўйинларида ҳам ғалаба қозонади. Унинг бу марраларга чиқишида мураббийи Мансур Жабборовнинг ҳиссаси катта.
Ҳа, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида тарбияланаётган минглаб ўғил-қизлар чемпион бўлишни мақсад қилган. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшлар камолоти йўлида яратилаётган имкониятлар уларнинг эзгу ниятларига эришиши учун қанот бўлиши шубҳасиз.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА