Соғлиқни сақлаш соҳасига 2024 йилга нисбатан 7,2 трлн. сўм кўп маблағ ажратилган
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт муассасалари босқичма-босқич модернизация қилиниб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланмоқда.
2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 43,3 трлн. сўм ёки 2024 йилга нисбатан 7,2 трлн. сўмга кўп маблағлар ажратилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди. Унда фракция аъзолари тиббиёт соҳасига ажратилган маблағлар самарадорлигига алоҳида урғу қаратди.

Муҳокамалар давомида бюджетдан етарлича маблағлар ажратилишига қарамай, айрим вазирлик ва идоралар томонидан бюджетдан ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағларни тўлиқ ўзлаштирилмагани танқид қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича қатор таклифлар берилди.
Шунингдек, йиғилишда давлат фуқаролик хизматчисининг хорижий нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун қўшимча кафолатларни белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан давлат хизматчиси нуфузли хорижий таълим муассасасига магистратура ёки докторантурага ўқиш бўйича грант ютганда, иш берувчининг ёзма розилиги асосида унинг иш ўрни (лавозими) сақланиши таклиф этилмоқда.
М.Комилова, ЎзА