Сўғдиёна бадминтон бўйича Ўзбекистон кубоги ғолиби бўлди
Гулистон давлат педагогика институти Гуманитар фанлар ва жисмоний маданият факультети талабаси Сўғдиёна Абдукаримова спортнинг бадминтон тури бўйича Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон кубоги U-19 мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

Мусобақада Сўғдиёна яккалик баҳсларда барча рақибларини мағлуб этиб, 1-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, жуфтлик баҳсларида ҳам муносиб иштирок этиб, совринли 3-ўринни эгаллади. Қайд этилган натижалар унинг пухта тайёргарлиги, сабр-тоқати ва спортга бўлган интилишини яққол намоён этди.
– Бу натижа осонлик билан келмади. Кундалик машқлар, сабр ва устозларимнинг қўллаб-қувватлаши орқали бу маррага ета олдим, – дейди Сўғдиёна. – Мақсадим нафақат ўз имкониятларимни синаш, балки ёшларни спортга қизиқтириш ва уларни илҳомлантиришдир.
Қайд этилишича, ушбу ютуқ Сўғдиёна Абдукаримованинг шахсий меҳнати ва иродасини акс эттириш билан бирга, Гулистон давлат педагогика институтида спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ҳамда яратилган шарт-шароитларнинг амалий самарасини кўрсатади.

Институт раҳбарияти ва устозлар Сўғдиёнанинг ютуғини юксак баҳолаб, унинг келгусидаги мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиши учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди. Айниқса, йил сўнгида қўлга киритилган ушбу натижа Гулистон давлат педагогика институтининг спорт соҳасидаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаган аҳамиятли воқеа сифатида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири