Наманганлик ёшлар ҳам совринли ўринларни қўлга киритишмоқда
Айни кунларда пойтахтимизда иккинчи бор анъанавий равишда ўтказилаётган “Президент Олимпидаси” спорт ўйинлари муросасиз тарзда кечмоқда.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш, ёзги ва қишки Олимпия ўйинларига муносиб номзодлар захирасини шакллантиришга қаратилган мазкур мусобақада наманганлик ёшлар ҳам совринли ўринларни қўлга киритмоқда.
3,5 мингдан зиёд ёшлар Олимпия ва Паралимпия йўналишидаги 26 та спорт тури бўйича куч синашаётган мусобақада Наманган шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиси Анасхон Асадуллаев енгил атлетика спорт турининг 300 метр масофага югуриш баҳсларида барча рақибларини ортда қолдириб, фахрли биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди.

Ушбу мактабнинг яна бир вакили Умар Раҳимжонов мусобақанинг 150 грамм бўлган теннис коптогини улоқтириш баҳсларида энг юқори натижани қайд этиб, олтин медалга эга чиқди ва “Президент Олимпиадаси”ғолиби сифатида эътироф этилди.
Вилоятимиз ҳисобига ёзилган навбатдаги яна икки олтин аёллар кураши бўйича баҳсларга киришган спортчи-ёшларимиз ҳисобига ёзилди.
Учқўрғон тумани спорт мактаби тарбияланувчиси Гулираъно Машрабова 39 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини ортда қолдириб, зафар нашидасини сурди.

Давлатобод туманида жойлашган Наманган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази вакили Муслима Ҳожимаматова 50 килограмм вазнда барча баҳсларни муваффақият билан ўтказиб, чемпионлик мақомига сазовор бўлди.
Галдаги икки олтин медалга бадминтон бўйича яккалик ва жуфтлик баҳсларида Наманган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тарбияланувчиси Шоҳруҳ Ҳолматжонов ҳамда Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби спортчилари Жавоҳир Қаноатов - Рамзиддин Аҳмаджонов тандеми эришган юқори натижалар туфайли қўлга киритилди.

Шу йил 8 ноябрга қадар давом этадиган “Президент Олимпиадаси” баҳсларида айни вақтда Наманган вилояти терма жамоаси ҳисобида 4 та олтин, 9 та кумуш ва 18 та бронза медаллари мавжуд. Айтиш жоизки, наманганликлар умумжамоа ҳисобидаги рейтингдаги қуйи поғоналардан (ҳозирда 12-ўрин) олдинга илдамлаш учун асосий эътиборни олтин медаллар салмоғини оширишга қаратишлари керак.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири