Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлар агентлиги томонидан “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида минг нафар қизлар 24 модулли СММ курсида бепул ўқитилмоқда.
Шунга кўра, пойтахтимизда СММ курслари тингловчи-қизлари билан очиқ давра суҳбати ўтказилди. Унда курс тингловчиларига жамиятда турли йўналишларда фаол хизмат олиб бораётган спикерлар, хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, жамоатчилик фаоли, блогер Ақидахоним Моҳирова, журналист-блогер Маҳлиё Тўрабоева ва бошқалар СММ соҳасидаги кўникма ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Суҳбат мобайнида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита спикерлардан жавоб олди ва яна кўплаб қизлар СММ курсларида ўқишга қизиқиш билдирди.
Ўқув курси мобайнида тингловчиларга интернет ва ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратиб, бир ойда ўртача 3 миллион сўмгача даромад олишлари мумкин бўлган бир қатор йўналишлар бўйича таълим берилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА