Сирдарёда 1277 та объект қонунийлаштирилди
Сирдарё вилоятида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида ”ги Қонун ижроси доирасида кенг кўламли хатлов ишлари амалга оширилмоқда. 2026 йилнинг шу кунга қадар вилоятда жами 46 590 та объект тўлиқ хатловдан ўтказилди. Шу пайтгача 10 954 та объект “Эътироф” ахборот тизимига киритилиб, қонунийлаштириш жараёнига йўналтирилди.
– Аҳолига очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тизимдаги 2 610 та объект жамоатчиликка тақдим қилинган, 4 257 та объект эса муҳокама жараёнида. Шунингдек, 1748 та объект ҳуқуқий экспертиза учун Адлия органларига юборилган, 8 та объект бўйича ҳужжатларни аниқлаштириш ва таҳрирлаш ишлари давом этмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Равшан Нишонов.
Хатлов тадбирлари вилоятнинг 11 та туман ва шаҳар ҳудудларида олиб борилмоқда. Жумладан, Оқолтин, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос, Сардоба туманлари ҳамда Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларининг қатор маҳаллаларида объектлар жойига чиқиб ўрганилиб, расмийлаштириш чоралари кўрилмоқда.
– Хатловларнинг асосий мақсади — фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, ер ва кўчмас мулк объектларини ягона маълумотлар базасига киритиш ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдир, – дейди Равшан Нишонов. – Энг муҳими, бу жараён орқали кўп йиллардан буён ҳужжатсиз ёки баҳсли ҳолатда бўлган объектларга қонуний ечим берилмоқда.
Мутахассислар ҳар бир объектнинг ҳуқуқий мақоми, фойдаланиш ҳолати ва ҳужжатларини синчковлик билан текшириб чиқмоқда. Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилади ва асосли, қонуний қарорлар қабул қилинади. Жойларда тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда, аҳоли вакилларига амалдаги тартиб-таомиллар ҳақида батафсил маълумот тақдим қилинади.
– Мен уйимнинг ҳужжатлари масаласини узоқ йиллар ҳал қила олмадим, – дейди Гулистон шаҳрида яшовчи 34 ёшли Нодира Муродова. – Ҳозир эса барчаси расмийлаштирилди. Бундан чексиз хурсандман, чунки қўшимча қурилиш ишларини амалга оширишим керак эди. Уй ҳужжатлари йўқлиги бу режаларимга тўсиқ бўлиб келган эди. Энди эса ортиқча ташвишсиз, режадаги ишимни амалга оширсам бўлади.
Сирдарёда амалга оширилаётган мазкур кенг кўламли ишлар ер муносабатларида ҳуқуқий аниқлик ва барқарорликни таъминлабгина қолмай, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса нафақат соҳадаги мутахассислар, балки аҳоли томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири