Ижтимоий ҳимоя соҳасида янги ташаббуслар
Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятга тўлиқ интеграция қилиш масалалари устувор аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда амалга оширилаётган ислоҳотлар жойларда қандай натижа бераётганини ўрганиш муҳимдир. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёровнинг Бухоро вилоятига ташрифи ҳам айнан шу мақсадга қаратилди.
Ташриф давомида меҳмонлар вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлигида “Уста Даврон” ҳунарманд миниатюра марказига ташриф буюрдилар. Ушбу марказ билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳамкорлик доирасида 123-сонли кар ва заиф эшитувчи болалар учун махсус мактаб-интернатнинг 15 нафар ўқувчиси марказга мунтазам равишда қатнаб, ҳафтасига уч маротаба миниатюра санъати ва ҳунармандчилик бўйича амалий машғулотларда иштирок этмоқда. Бу машғулотлар орқали ўқувчилар нафақат касбий кўникмаларга эга бўлмоқда, балки уларнинг ижодий фикрлаши, ижтимоий фаоллиги ва ўзларига бўлган ишончи ҳам ортмоқда.
Шунингдек, ташриф чоғида мазкур махсус мактаб-интернатда болаларни касбга йўналтириш ишлари ҳам ўрганилди. Айни пайтда 45 нафар ўқувчи турли касбларга, жумладан тикувчиликка ўргатилаётган бўлса, 60 нафар ўқувчи фан тўгаракларида фаол иштирок этмоқда. Айниқса, “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар фарзандлари учун бундай имкониятлар муҳим аҳамиятга эга.
Мансурбек Оллоёров ташриф доирасида Бухоро шаҳридаги “Мурувват” аёллар интернат уйида ҳам бўлиб, у ерда яратилган шароитлар билан танишди. Муассасада аёлларни касбга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тикувчилик тўгараклари ҳамда иссиқхона фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса уларнинг меҳнат кўникмаларини шакллантириш ва даромад топиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
[gallery-28479]
Шу билан бирга, васийликка олинган шахсларни қайта кўрик асосида ўз оилаларига қайтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Бу каби ёндашувлар оила институтини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Яна бир муҳим лойиҳа — ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация ва протезлаш марказини ташкил этиш режаси тақдим этилди. Бухоро шаҳридаги Янгиобод маҳалласида қурилиши режалаштирилаётган мазкур марказ замонавий талаблар асосида барпо этилиб, юзлаб фуқароларга комплекс хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро вилоят филиали фаолияти ҳам ўрганилди. Муассасадаги даволаш ва реабилитация жараёнлари, беморларга кўрсатилаётган ижтимоий-психологик ёрдам хизматлари таҳлил қилиниб, соҳани янада ривожлантириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимояга оид бундай ташаббуслар инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда. Айниқса, болалар ва аёлларни касбга ўргатиш, уларнинг мустақил ҳаётга тайёргарлигини оширишга қаратилган ишлар келажакда янада самарали натижалар беришини кутиш мумкин.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари