Сифатли баҳолаш тизими – сифатли таълим кафолати
Халқ таълими вазирлиги, Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институти томонидан етакчи халқаро эксперт Марк Зелман билан ҳамкорликда “Сифатли баҳолаш тизими – сифатли таълим кафолати” мавзусида вебинар ўтказилди.
Халқ таълими вазирлиги, Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институти томонидан етакчи халқаро эксперт Марк Зелман билан ҳамкорликда “Сифатли баҳолаш тизими – сифатли таълим кафолати” мавзусида вебинар ўтказилди.
Мамлакатимиз инновацион ривожланиш йўлидан шиддат билан ривожланиб бораётган, таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда илк бора иштирок этишга киришилаётган бир даврда келажагимиз давомчилари бўлган ёшларда XXI асрда зарур бўлган кўникмаларни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибалар, халқаро мезон ва талаблар асосида баҳолаш тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу вебинарни ташкил этишдан кўзланган мақсад соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг таълим сифатини баҳолашнинг тамойиллари бўйича малакасини ошириш, тажриба алмашиш, баҳолаш тизимини ривожлантириш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганишдан иборатдир.
Вебинарда Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги вазифалари хусусида сўз борди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, баҳолаш соҳасида бир қанча муаммоларимиз мавжуд, халқаро талабларга жавоб берадиган миллий баҳолаш тизими яратилмаган, баҳолаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш масаласида ҳам олдимизда кўплаб вазифалар бор.
Бугунги кунда республикамизнинг 14 та ҳудудида турли мутахассисликка эга 500 нафар атрофида мониторинг хизмати ходими фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳам таълим сифатини баҳолаш, тестология бўйича малакасини ошириш асосий вазифалардан бири.
Вебинарда миллий ва ҳудудий баҳолашнинг аҳамияти, амалга ошириш механизмлари, халқаро стандартларга мувофиқ таълим сифатини миллий баҳолаш инструментларини ишлаб чиқишда психометрик барқарорлик ва мослашувчанлик талаблари ҳақида қимматли маълумотлар бериб ўтилди.
Тадбирда таълим сифатини баҳолаш бўйича фаолият юритаётган барча тизим ходимлари, 1000 нафарга яқин соҳа мутахассиси, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга йўналтирилган 348 та таянч мактаб раҳбарлари, тренер-ўқитувчилар иштирок этди.
Вебинарда ўз маърузаси билан иштирок этган халқаро эксперт Марк Зелман Грузия, Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Таиланд, Боливия, Эфиопия, Косово, Украина, Россия, Саудия Арабистони, Жанубий Судан, Уммон, Ямайка, Фижи ва Финляндия каби мамлакатларнинг миллий баҳолаш тизимини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган.