Мактабга бадиий китоблар, мусиқа асбоблари, спорт анжомлари топширилди
Ёзги таътил — болалар ва ёшлар учун нафақат дам олиш, балки ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиш, билим ва кўникмаларини бойитиш имкониятидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Долзарб 90 кун” дастури ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиб, ёшларни китобхонлик, спорт ва маънавий камолотга кенг жалб этишнинг муҳим майдонига айланмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган ёшлар сиёсати, айниқса, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ишлар мамлакатимизда изчил давом этмоқда. Бу жараёнда ҳудудларда амалга оширилаётган амалий лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам ёшларнинг маънавий ва жисмоний камолотини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар “Долзарб 90 кун” дастури доирасида янги мазмун билан бойиб бормоқда. Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев ташаббуси билан умумтаълим мактабларини бадиий адабиётлар ва спорт жиҳозлари билан таъминлаш ишларининг изчил ташкил этилгани ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Навбатдаги хайрли тадбир Зомин туманидаги 73-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Унда АТ “Алоқабанк”нинг Жиззах ҳудудий хизмат кўрсатиш маркази томонидан таълим муассасасига бадиий китоблар, мусиқа асбоблари, стол тенниси жиҳозлари ҳамда турли спорт анжомлари топширилди.

Тақдим этилган китоблар ёшларнинг маънавий оламини бойитиш, уларда мутолаа маданиятини шакллантиришга хизмат қилса, спорт жиҳозлари ўқувчиларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва спортга бўлган қизиқишини кучайтиришга замин яратади. Мусиқа асбоблари эса уларнинг санъатга меҳри ва эстетик дидини юксалтиришга хизмат қилади.
Бугун мамлакатимизда китобхонлик ва спортни оммалаштириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Зеро, китоб тафаккурни чархлайди, дунёқарашни кенгайтиради, спорт эса ирода ва матонатни тоблайди. Ана шу икки муҳим омил уйғунлиги баркамол авлод тарбиясининг мустаҳкам пойдеворини яратади. Санъат эса инсон қалбини нафосат ва эзгулик билан бойитади.
Айниқса, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган мусобақа ва танловларда ёшларнинг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш бугун ҳар бир ҳудуд олдида турган муҳим вазифалардан саналади. Мактабларга спорт анжомлари, чолғу асбоблари ва китоблар етказиб берилаётгани мазкур вазифалар ижросидаги муҳим амалий қадам ҳисобланади.
Таълим муассасаси жамоаси кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, тақдим этилган адабиётлар ва спорт жиҳозлари ўқувчиларнинг билим олиши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши ҳамда иқтидорини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Энг муҳими, бундай эзгу ташаббуслар ёшларни китоб билан дўстлаштириш, спорт билан ошно этиш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва юксак мақсадларга интилиш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Китоб мутолаа қилган, спорт билан шуғулланган, санъатдан баҳра олган ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, эртанги тараққиётнинг мустаҳкам таянчидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири