СИ Европа полициясининг янги кузатув воситасига айланмоқда
Франция, Италия ва Испаниядаги полиция хизматлари оммавий тартибсизликлар ва норозилик намойишлари пайтида видеолавҳаларни таҳлил қилиш учун сунъий интеллект технологияларидан тобора кўпроқ фойдалана бошлади.
Таъкидланишича, зўравонликнинг кучайиши ва намойишчиларнинг ҳаракатларини ижтимоий тармоқлар орқали мувофиқлаштириш зарурати туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ихтисослашган компанияларга мурожаат қилмоқда.
Бундай ечимларни етказиб берувчилар қаторига француз стартапи “Orasio”, шунингдек, Америка ва Исроилнинг “Conntour” ҳамда “Senai” компаниялари киради. Уларнинг платформалари кузатув камералари, дронлар, ижтимоий тармоқ видеолари ва жонли эфирлардан олинган тасвирларни табиий тил сўровлари ёрдамида таҳлил қилади.
Хусусан, 17 октябрь куни Парижда “Senai” платформаси зўравонлик ҳодисаларининг 4302 та видеосини ва 210 дан ортиқ жонли эфирларни таҳлил қилди. Нашрнинг ёзишича, тизим яқинлашиб келаётган йиғилишлар, талончилар учун мумкин бўлган нишонлар ва полиция ҳаракатлари ҳақидаги хабарларни аниқлаган.
Бироқ бу янги технологиялар полиция кузатувининг чегаралари ва шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш ҳақида саволлар туғдиради. Хорижий ОАВлар ёзишича, Европа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бундай ишланмаларга тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда ва баъзи ҳолларда компаниялар тизим мувофиқлаштирувчилари орқали ишлайди.
С.Раҳимов, ЎзА