Шўрланган ерларда батат (ширин картошка) етиштириш синовдан ўтмоқда
Иқлим ўзгариши, сув ресурслари чекланиши ва ерларнинг шўрланиши қишлоқ хўжалиги олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Бундай шароитда мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ноанъанавий, юқори иқтисодий самара берадиган экин турларини илмий асосда жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Жиззах вилоятида олиб борилаётган батат етиштириш бўйича илмий тадқиқотлар мамлакатимиз аграр соҳаси учун муҳим янгилик сифатида эътиборга лойиқ.
BMB Holding томонидан инновацион технологиялар ва илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштиришга қаратилган изчил ишлар олиб борилмоқда. Холдинг қишлоқ хўжалигини фақат маҳсулот етиштириш жараёни сифатида эмас, балки илмий ёндашувлар асосида юқори қўшимча қиймат яратадиган, қайта ишлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтирадиган яхлит тизим сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ана шундай истиқболли йўналишлардан бири сифатида Жиззах вилоятининг Арнасой туманида бататни(Ipomoea batatas L.) шўрланган ер шароитида етиштириш бўйича илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Лойиҳага BMB Holding Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Бумайрам Усмонова раҳбарлик қилмоқда.
Дунёда “ширин картошка” номи билан ҳам машҳур бўлган батат сўнгги йилларда юқори озуқавий қиймати, иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорлиги ҳамда саноат учун қимматли хомашё экани билан кўплаб мамлакатларда кенг экила бошланди. Энди эса уни мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитига, айниқса, шўрланган ерларга мослаштириш бўйича илмий изланишлар Ўзбекистон аграр илмида янги босқични бошлаб бермоқда.

Тадқиқотларнинг асосий мақсади шўрланган ва унумдорлиги паст ерлардан самарали фойдаланишнинг илмий асосларини яратиш, юқори иқтисодий самара берадиган экин турларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда инновацион агротехнологияларни амалиётга татбиқ қилишдан иборат.
Изланишлар давомида бататнинг шўрланган тупроқ шароитига мослашувчанлиги, турли агротехник тадбирларнинг ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатига таъсири, шунингдек, унинг биокимёвий хусусиятлари комплекс тарзда ўрганилмоқда. Дастлабки натижалар эса батат илмий асосланган агротехнологиялар қўлланилганда шўрланган ерларда ҳам барқарор ва сифатли ҳосил бериш имкониятига эга эканини кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, ушбу тадқиқотнинг аҳамияти фақат янги экин турини синаб кўриш билан чекланмайди. Энг муҳими, у йиллар давомида самарасиз деб қаралган ерлардан ҳам иқтисодий жиҳатдан унумли фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш ҳамда фермерлар даромадини оширишда муҳим омил бўлиши мумкин.
Бататнинг яна бир муҳим афзаллиги унинг кўп тармоқли иқтисодий қийматга эга эканидир. Унинг туганакларидан крахмал, ун, функционал ва парҳезбоп озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, биоэтанол ишлаб чиқариш мумкин. Поя ва барг қисмлари эса чорвачилик учун тўйимли озуқа вазифасини бажаради. Демак, бататни етиштириш орқали фақат хомашё эмас, балки юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти ҳам яратилади.

Бу эса “етиштириш – қайта ишлаш – тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш” занжирини шакллантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Эътиборлиси, Бумайрам Усмонова бататни Ўзбекистоннинг тупроқ-иқлим шароитига, хусусан, шўрланган ерларга мослаштириш бўйича олиб бораётган тадқиқотлари мамлакатимиз аграр соҳасида илм-фан ва амалиёт уйғунлигининг ёрқин намунасидир. Бу изланишлар келгусида бататни республика ҳудудларида кенг жорий этиш, ноанъанавий, аммо иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган экинлар ҳиссасини ошириш учун муҳим илмий асос вазифасини ўташи кутилмоқда.

BMB Holding томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа инновация, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали ҳамкорлиги қишлоқ хўжалигида қандай амалий натижа беришини яққол намоён этмоқда. Энг муҳими, бугун Арнасой туманида бошланган илмий изланишлар эртага мамлакатимизда шўрланган ерлардан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш йўлида муҳим қадамлардан бирига айланиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири