Наманганда истиқболли корхоналар кўпаймоқда
Республикамизнинг саноат, кичик бизнес ва тадбиркорлик маркази – Наманган вилоятида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар натижасида истиқболли корхоналар сони ортиб бораётганлиги қувонарлидир. Уйчи туманининг Беруний маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “Adonis Trading Textile” масъулияти чекланган жамият ана шундай субъектлардан бири ҳисобланади.
Даставвал, нотўқима матолар ишлаб чиқариш билан ишга киришган “Adonis Trading Textile” корхонасида ҳозирда сунъий тола ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, олтмишга яқин янги иш ўринлари юзага келди.

Айни пайтда корхонада бир ойда бир тоннадан ортиқ резина маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ойига 360 минг метр нотўқима мато тайёрланиб, унинг маълум қисми экспортга йўналтирилмоқда.

Корхона томонидан бугунги кунга қадар 280 минг долларлик экспорт амалга оширилди. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларга ташқи бозорда ҳам талаб юқори эканлигини кўрсатмоқда. Янги ишга туширилган замонавий цехда эса, 130 тонна хомашё тайёрлаш қуввати яратилди.


Бундай саъй-ҳаракатлар тўқимачилик йўналишидаги корхонада ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.