Шоличиликда иқлим ўзгаришига қарши янги илмий ечимлар
Глобал иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги олдига янги вазифаларни қўймоқда. Сув танқислиги, юқори ҳарорат, қурғоқчилик ва ўзгарувчан об-ҳаво шароитида шоли ва дуккакли экинларни барқарор етиштириш учун энди фақат тажрибанинг ўзи кифоя эмас — илм, инновация ва халқаро ҳамкорликни бир нуқтада бирлаштириш талаб этилмоқда.
Тошкент давлат аграр университетида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институти томонидан ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференция ана шу долзарб масалаларга бағишланди. Конференцияда сўзга чиққанлар илм-фан натижасининг ҳақиқий қиймати унинг амалиётдаги самараси билан белгиланишини таъкидлашди. Янги ишланма яратиш билан иш битмаслиги, уни ишлаб чиқаришга олиб кириш, фермер ва тадбиркорга етказиш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, сув ва бошқа ресурсларни тежаш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жадал жорий этиш, хорижий тажрибани мамлакатимиз шароитига мослаштириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида урғу берилди. Бунинг учун илмий ишланмаларни фермер хўжаликларида синовдан ўтказиш, уларнинг амалий ва иқтисодий самарадорлигини аниқ баҳолаш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Анжуманда Кореянинг Ўзбекистондаги КОПИА маркази директори Ким Жаеҳюн ҳам жаҳоншумул иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, юқори ҳарорат, қурғоқчилик, сув танқислиги, ёғингарчилик тартибининг ўзгариши ҳамда касаллик ва зараркунандаларнинг кўпайиши қишлоқ хўжалиги учун янги илмий ечимларни талаб этмоқда.

Ким Жаеҳюн Ўзбекистон билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдириб:
- Биз дўст Ўзбекистон давлати билан изчил ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз. Ушбу конференция ҳам шоличилик илмида тажрибаларимизни бўлишиш учун қулай платформа бўлади, — деди.

Халқаро анжуман шу жиҳати билан аҳамиятлики, унда илм-фан натижаларини фақат муҳокама қилиш эмас, балки уларни далага олиб чиқиш, фермер учун амалий ечимга айлантириш ва иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалигини шакллантириш масалаларига асосий эътибор қаратилмоқда.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА