Янгиланаётган ипак йўли
Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида қурилиши бошланган темир йўл ҳар учала давлат иқтисодиёти учун беқиёс аҳамиятга эга. Ушбу йўл минтақамиз тараққиётида Марказий Осиё давлатларининг геоиқтисодий мақомини ҳам белгилаб беради.
“Темир йўл – иқтисодиётнинг қони” деган гап бугун ҳам қадрини йўқотгани йўқ. Айниқса сув йўлидан узоқ давлатлар юк ташишда якуний манзилни яқин, одамлар мушкулини осон қиладиган темир йўл қадрини жуда яхши билишади.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор. Ишчилар ҳамкорликда ишлаб, ўзаро тажриба орттиради. Натижада халқлар ўртасидаги дўстона муносабатнинг ишонч эшиги янада кенгроқ очилади.
Бугун дунё иқтисодиёти шакл-шамойили кескин ўзгармоқдаки, бунинг асосий сабаби йирик давлатлар ўртасидаги геосиёсий ва технологик манфаат тўқнашуви бўзчининг мокисидай тезлашиб, кутилмаган томонларга бурилмоқда. Айрим ҳолларда боши берк кўчага кириб, ўзанини йўқотиб ҳам қўймоқда. Воқеалар ривожи эндигина тараққиёт йўлига тушиб олган давлатларни ҳисобдан адаштириб қўймоқда. Ҳамкорликда белгиланган режалар ўзгариб ёки тўхтаб қолиш ҳолатлари ҳам юз беряпти. Бу ишлаб чиқариш, хизмат ва истеъмол бозори ривожига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Шунинг учун ҳам мазкур ташаббус имкон қадар тезроқ амалиётга татбиқ этилишидан учала давлат ҳам манфаатдор.

Нега? Саволга жавоб беришга уринамиз. Бу йўл XXI аср Марказий Осиё тарихига йирик ҳаёт йўли сифатида киради. Яъни, минтақани глобал темир йўл тизимига боғловчи қадим Ипак йўлининг замонавий қиёфасини яратади. Шу нуқтаи назардан йирик инфратузилма объекти сифатида эътироф этилади. Қашқар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйича масофа 532 км. Лойиҳа 4,7 миллиард долларга баҳоланган. Халқаро келишувга кўра, Хитой қўшма корхонада 51, Қирғизистон ва Ўзбекистон 24,5 фоиздан улушга эга.
Табиийки, ташаббусни амалга ошириш осон кечаётгани йўқ. Бир неча йил давомида иштирокчи давлатлар ўртасида олиб борилган давомли муҳокамадан сўнг халқаро тартиб-таомилга асосан иш бошланди.
Лойиҳани биргаликда ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим 2024 йил 6 июнда имзоланган. Тантанали бошлаш маросими ўша йил 27 декабрь куни Жалолобод вилоятида бўлиб ўтган қурилишни якунлаш 2030 йил бошига мўлжалланган.
Янги Марказий Осиё учун ҳаёт йўли бўлмиш магистраль Хитойни Яқин Шарқ мамлакатлари билан боғлайдиган масофани 900 км қисқартиради. Юк етказиш вақти 7-8 кун камаяди. Айни жиҳати билан қитъа кўпригининг жанубий бўлаги ўлароқ, Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Туркия ва Европа Иттифоқи бозорларига эшик очади.
Уч давлат барпо этаётган мазкур “Ипак йўли” бугун ва келажак йўл меъморчилигида ҳаётий зарурат экани билан ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Ер юзида содир бўлаётган пинҳона сиёсий тебранишлар бутун дунё бўйлаб турли инқирозларни кучайтираётган шароитда давлатлар ўз иқтисодиётини сунъий бўҳрондан омон сақлаши жуда муҳим. Шу мезон орқали қаралса, Ўзбекистон ҳар бир воқеа-ҳодисага пухта ўйланган режа асосида, манфаатли, ҳимояланган қарорлар қабул қилаётгани аёнлашади. Замона зайли ўзгариб бораётган бир пайт бу ўта муҳимдир.
Абдуғафур Маматов, ЎзА