ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгаши котиблари Бишкекда учрашди
Қирғизистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгаши котиблари 21-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу хақда “Kazinform” хабар берган.
Делегациялар раҳбарлари билан учрашувда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугунги кунда ШҲТ мамлакатлари дуч келаётган асосий муаммолар сифатида геосиёсий кескинлик кучайиши, Яқин Шарқдаги қуролли можаро, терроризм, сепаратизм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва кибер ҳужум каби трансмиллий таҳдидларни санаб ўтган.
– Мамлакатимиз халқаро низоларни ҳал қилишнинг сиёсий ва дипломатик усулларини доимий равишда қўллаб-қувватлайди, – деди мамлакат етакчиси. – Ҳатто, энг қийин мулоқот ҳам қуролли қарама-қаршиликдан афзал.
Қирғизистон раҳбари разведка идоралари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш, рақамли маконда терроризмни молиялаштириш йўлларини беркитиш, инқирозга юмшоқ жавоб бериш механизмини ишлаб чиқиш сингари биргаликдаги саъй-ҳаракатнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўз навбатида юқори мартабали меҳмонлар минтақавий ва халқаро хавфсизликка доир долзарб мавзуларни муҳокама қилдилар. Замонавий чақириқ ва таҳдидларни бартараф этиш учун ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, тузилма доирасида ўзаро ишончга асосланган шерикликни чуқурлаштиришга тайёрликларини билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, тадбир Қирғизистоннинг ШҲТга раислиги доирасида ўтказилди.
Г.Сатторова, ЎзА