“Samsung” ходимлари иш ташлай бошлади, акция кескин арзонлашди
Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси ишчилари касаба уюшмаси келаси ҳафтага режалаштирилган иш ташлаш бекор қилинмаслигини билдирди. Бу қарор компания раҳбариятининг иш ҳақи бўйича музокарани ҳеч қандай шартсиз қайта бошлаш таклифига қарамай қабул қилинди.
Томонлар ўртасидаги келишмовчилик ортидан дунёдаги энг йирик хотира чипи ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланган мазкур корхона акцияси нархи 9,3 фоиз тушиб кетди.
Ҳукумат воситачилигида ўтказилган мулоқот натижа бермагач, касаба уюшмаси 21 майдан бошлаб 18 кунлик иш ташлаш режасини тасдиқлади. Ходимлар музокарага фақат 7 июндан кейин тайёр бўлишларини таъкидлаган.
Ўз навбатида “Samsung Electronics” раҳбарияти юзага келган вазият учун жамоатчиликдан узр сўради ва муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида Пёнгтэк шаҳридаги ишлаб чиқариш мажмуасига йўл олди. Таҳлилчилар фикрича, акция нархи пасайиши ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолиши ва мижозлар олдидаги мажбурият бажарилмай қолишига олиб келади. Қолаверса, етказиб беришдаги узилиш рақобатчиларга қўшимча устунлик беради. Табиийки, АҚШ ва Эрон ўртасидаги сиёсий кескинлик ҳам жаҳон бозоридаги умумий кайфиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА