Шахматчиларимиз жаҳон кубогининг 1/4 финалида
Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган жаҳон кубогининг 1/8 финалида ўзбекистонлик шахматчилар муваффақиятга эришди.
Умумий мукофот жамғармаси 2 миллион АҚШ долларидан иборат нуфузли мусобақанинг кейинги босқич йўлидаги курашда Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоев рақибларини томошабинлар сафига кузатиб қўйди.

Дунёнинг 206 нафар етакчи шахматчилари иштирокида бошланган жаҳон кубогининг 1/8 финал иккинчи учрашувларида 19 ёшли Жавоҳир Синдоров кеча драматик кечган баҳсда германиялик гроссмейстер Фредерик Свенни мағлубиятга учратганди.
Жавоб партиясида Жавоҳир қора доналарда ўйнаганига қарамай, амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммараджуни мусобақадан чиқариб юборган рақиби билан дурангга эришди ва кейинги босқичга йўл олди.
Жаҳон кубогининг 5-босқичига етиб келган иккинчи гроссмейстеримиз Нодирбек Ёқуббоев ҳам чорак финал масаласини ҳал қилди.

1/8 финалда арманистонлик Габриэль Саргиссянга қарши кечган 2 та тур натижасига кўра, Н.Ёқуббоев рақибини 1,5:0,5 ҳисобида таслим этиб, 1/4 финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Энди ҳамюртларимиз 17 ноябрь куни ўтадиган 1/4 финал босқичида дона суради.
Айтиш лозим, жаҳон кубогининг учинчи босқичигача етиб келган шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Шамсиддин Воҳидов мусобақа низомига мувофиқ, 11 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти соҳиблари бўлганди.
Мусобақалар 21 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА