Шахмат: Юксалишнинг янги даври бошланмоқда
Ортда қолган 2024 йил мамлакатимиз шахматчилари учун сермаҳсул давр бўлгани билан алоҳида ажралиб турадики, бу, эришилган натижаларда, юртимизда ва хорижий давлатларда кечган муросасиз “ақл жанглари”даги кўрсаткичларда ўз аксини топди.
Хўш, ўтган йил давомида юртимизда қанча шахмат мусобақаси ўтказилди-ю, ўзбекистонлик шахматчиларнинг энг юқори натижалари қайси халқаро мусобақаларда қайд этилди? 2025 йилдаги устувор вазифалар нималардан иборат бўлади?
Ўзбекистон шахмат федерациясининг 2024 йил якунлари ва 2025 йилги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. Анжуман аввалида Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров, федерация бош котиби Бобур Сатторов йиғилганларга ўтган йил давомида қилинган ишлар, жорий йилги режалар хусусида ахборот бериб ўтди.
Таъкидланганидек, ортда қолган йил мамлакатимиз шахматчилари ҳаётида туб бурилиш даври бўлди. Йил давомида федерация ижроия қўмитаси таркиби янгиланди. Ҳудудларда федерациянинг бўлимлари фаолияти йўлга қўйилишига эришилди. Бу, ўз навбатида мусобақаларнинг сон ва сифат кўрсаткичи жиҳатдан яхшиланишига таъсир кўрсатди.
Йил давомида республика даражасида 15 та мусобақа юқори савияда ташкил этилган бўлса, уларнинг 6 таси республика, 9 таси халқаро даражадаги турнирлар. Бундан ташқари, вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 50 дан ортиқ шахмат турнирлари бўлиб ўтиши асносида аҳолининг катта қатлами шахмат билан қамраб олинишига эришилди.
[gallery-21203]
Ўтган йил Ўзбекистонда 3 та ФИДЕ ҳакамлари ва 1 та ФИДЕ халқаро ташкилотчилари семинарлари, 2 та ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилгани ҳам юртимиз дунёнинг шахмат марказларидан бирига айланиб бораётганини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбарининг шахматни янада оммалаштириш, унинг ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги кўрсатмалари асосида эришилган ижобий муваффақиятлар туфайли Халқаро шахмат федерацияси рейтингида Ўзбекистон 203 та давлат орасида 13-ўринни эгаллади. Мамлакатимизда халқаро гроссмейстерлар сони 30 нафарга етди. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Ортиқ Нигматов сингари ўнлаб шахматчиларимиз халқаро мусобақа ва чемпионатлар, турнирларда совриндорлар қаторидан жой олди. Афруза Ҳамдамова ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришди. Нодира Нодиржонова Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ўз тахтасида 2-ўрин соҳиби бўлди. Шахматчи йигитларимиз ушбу олимпиадада бронза медалига эга чиқди. Буларнинг барчаси ўзбек шахматида юксалишнинг янги даври бошланаётганини англатмоқда.
Мамлакатимизда шахматчиларни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш, уларни селекция қилиш, халқаро гроссмейстерлар иштирокида мавсумий оромгоҳлар ташкил этиш мақсадида Навоий вилояти Қизилтепа тумани “Тўдакўл” дам олиш маскани ҳудудида Халқаро шахмат мактаби барпо этилгани йилнинг ўзига хос воқеаси бўлгани эътироф этилди.
Матбуот анжуманида шахматни умумтаълим мактаблари таълим дастурига киритиш бўйича қилинган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Бугунгача мамлакатимиздаги 11 мингга яқин умумтаълим мактабларининг ҳар бирига 30 тадан шахмат анжомлари етказиб бериш белгилангани, 2026 йил Самарқандда ўтказилиши кутилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик ишлари, ушбу олимпиадада Ўзбекистон 3 та эркаклар ва 3 та аёллар жамоалари билан қатнашиши, хориждаги ўзбекистонлик шахматчилар билан ўрнатилаётган алоқалар, малакали мураббийларни тайёрлаш масалаларига мутасаддилар атрофлича тўхталди.
Шахмат клубларининг кенг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, 2025 йилдан эътиборан вилоятларда ҳам Ўзбекистон чемпионатларини ўтказишни йўлга қўйиш, 13 январдан Андижонда мактаб ўқувчилари ўртасида бошланадиган Ўзбекистон чемпионатининг ташкилий ишлари, мукофот жамғармаси каби масалалар кўтарилди.
Анжуман якунида Ўзбекистон шахмат федерацияси 2024 йилнинг энг яхшиларини эълон қилди. Унга кўра, Нодирбек Абдусатторов эркаклар ўртасида, Афруза Ҳамдамова аёллар ўртасида йилнинг энг яхши шахматчиси, Алексей Дреев йил мураббийи, Ортиқ Нигматов йил кашфиёти, Антон Ким – йил шарҳловчиси, Шамсиддин Воҳидов – йилнинг энг яхши шахмат ўйини соҳиби бўлди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА