Шахмат: Осиё чемпионатида Абдусалимов ва Тоҳиржонова мағлубиятсиз юришни давом эттирмоқда
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг 3 та тур ўйинлари ортда қолган вазиятда ҳамюртимиз Абдумалик Абдусалимов 3 очко билан эркаклар гуруҳида етакчилик қилмоқда.
Айтиш лозим, А.Абдусалимов 1-турда оқ доналарда тожикистонлик Алишер Каримовни, 2-турда қора доналарда индонезиялик Гелберт Элрой Тариганни ва кеча ўтказилган 3-тур мусобақасида оқ доналарда қирғизистонлик Элдар Оразбаевни мағлубиятга учратди.
Мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг 3 тур ўйинларидан кейин шахматчи ёшларимиздан Ортиқ Ниғматов 2,5 очко билан 143 нафар иштирокчи орасида 21-ўрин, Саидакбар Саидалиев 2 очко билан 54, Ҳумоюн Бекмуратов 1,5 очко билан 82-поғонада бормоқда.

Қитъа биринчилигининг аёллар мусобақасида энг яхши кўрсаткичга эга Гулруҳбегим Тоҳиржонова 3 очко билан ғолибликка даъвогарлик қилмоқда.
Тоҳиржонова илк турда мўғулистонлик, 2-турда қора доналарда ҳиндистонлик Анахифар Захидефарни, 3-турда хитойлик Шуменг Чоуни енгди. Афруза Ҳамдамова ва Нилуфархон Имомқўзиева 2,5, Асал Салимова, Гулдона Каримова ҳамда Мадинабону Халилова 1,5 очко билан чемпионатдаги иштирокини давом эттирмоқда.
Бугун, 1 июнь куни мусобақанинг 4-тур ўйинларида Абдумалик Абдусалимов хитойлик Тонг Хиао билан, Ортиқ Ниғматов ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Давид Правян билан, Ҳумоюн Бекмуратов хитойлик Зилонг Яанг билан, Саидакбар Саидалиев мўғулистонлик Нарандолт билан тўқнаш келади.

Аёллар баҳсининг 4-турида Тоҳиржонова қора доналарда қозоғистонлик Меруерт Камалиденовага, Афруза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик Сакши Читландега, Нилуфар Имомқўзиева қора доналарда мўғулистонлик Бат-Эрдене Мунгунзилга қарши дона суради.
Шунингдек, шахматчи қизларимиздан Асал Салимова, Гулдона Каримова ҳамда Мадинабону Халилова 4-турда мўғулистонлик рақиблари билан рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат чемпионатда энг яхши кўрсаткичга эга 5 нафар, аёллар ўртасида 1 нафар иштирокчи 2027 йилги Жаҳон кубоги йўлланмасига эга чиқади.
Чемпионатнинг сўнгги 9-тур ўйинлари 6 июнь куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА