Шахмат: Ҳамдамова Осиё чемпионлигига, Абдусалимов эса совриндорликка даъвогар
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг ортда қолган 8-тур ўйинларидан сўнг аёллар гуруҳида 3 нафар шахматчи 6,5 очко билан ғолибликка даъвогарлик мақомига кўтарилди.
Таассуфли жиҳати, кеча ўтказилган 8-тур мусобақасида ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик Савитха Шрига, Нилуфархон Имомқўзиева ҳам қора доналарда хитойлик Музиян Гаога ютқазиб қўйиши натижасида Ҳамдамова, Савитха Шри ва Музиян Гао ғолиблик йўлида бир хил имкониятга эга бўлди.

Бугун, 6 июнь куни қитъа чемпионатининг сўнгги 9-турида Афруза Ҳамдамова оқ доналарда айнан Имомқўзиевани мағлуб этган Гао билан тўқнаш келди. Савитха Шри қора доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган россиялик Анна Шухман билан куч синашади.
Кўриниб турибдики, истеъдодли шахматчимиз Ҳамдамова хитойлик рақибини мағлуб этган тақдирда Шухман ҳеч бўлмаганда Шри билан дуранг қайд этиши лозим. Шундагина қитъа биринчилигида Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янграши, Ҳамдамова 2027 йилги Жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритиши мумкин бўлади.

Чемпионатнинг очиқ турнирида кучлилар қаторидан ўрин олишга интилган ҳамюртимиз Абдумалик Абдусалимов 8-турда қора доналарда ФИДЕ байроғи остида қатнашаётган Жамсаран Цидиповга имкониятни бой берган тарзда ТОП-5 лик пойгасидан деярли чиқиб кетди.
Ҳозирда 5,5 очко билан 10-ўринни банд этиб турган А.Абдусалимов бугун ўтадиган 9-тур мусобақасида оқ доналарда хитойлик Хиангюу Хига рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат чемпионатда энг яхши кўрсаткичга эга 5 нафар очиқ гуруҳ вакиллари ҳамда аёллар ўртасида 1 нафар иштирокчи 2027 йилги Жаҳон кубоги йўлланмасига эга чиқади.

Т.Рўзиев, ЎзА