Шароф Рашидов хотираси Жиззахда эъзозланди
Жиззах шаҳрида атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов таваллуди муносабати билан хотира тадбири бўлиб ўтди. Жамоатчилик вакиллари адиб ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг юрт тараққиётига қўшган ҳиссасини ёдга олди.
Жиззах шаҳри марказидаги Шароф Рашидов ҳайкали пойида ўтказилган тадбирда вилоят ташкилотлари раҳбарлари, зиёлилар, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди. Улар буюк юртдошимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйди.
Маросимда сўзга чиққанлар Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тутган ўрни ва мамлакат тараққиёти йўлидаги фаолиятини алоҳида эътироф этди. Унинг халқ фаровонлигини ошириш, юрт салоҳиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилди.
[gallery-32390]
Шунингдек, атоқли адибнинг адабиёт ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси, бой ижодий меросининг маънавий аҳамияти таъкидланди. Зеро, тарихда из қолдирган инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ёш авлоднинг миллий ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Бугун Жиззахда Шароф Рашидов номи эъзозланиб, унинг ҳаёти ва ижодий мероси чуқур ўрганилмоқда. Бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ва келажак авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бундай хотира тадбирлари эса аждодлар меросига ҳурмат, тарихий хотирага садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков
(сурат), ЎзА мухбирлари