Ўзбекистон — Қозоғистон: стратегик ривожланиш йўналишларини уйғунлаштириш ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш учун янги имкониятлар
Тошкентда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2026 йил 28 октябрь куни Қозоғистон халқига йўллаган “Янги тарихий даврда Қозоғистон олдида турган долзарб муаммолар” номли Мурожаатномасини таҳлил қилишга бағишланган қатор эксперт учрашувлари ва муҳокамалар бўлиб ўтди.
Уларда Мурожаатномада белгиланган асосий сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий устувор йўналишлар ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) ўтказилган учрашувларда эксперт-таҳлилий доиралар вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар, сиёсатшунослар, парламент аъзолари ва дипломатлар иштирок этди.
Тадбирлар Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) раҳбарияти ва экспертлари ҳам қатнашиб, Мурожаатноманинг асосий қоидалари ҳамда уларнинг икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришдаги аҳамияти юзасидан ўз баҳоларини билдирди.

Иштирокчилар Қозоғистоннинг сиёсий ва иқтисодий модернизация соҳасидаги устувор йўналишлари, Мурожаатномада белгиланган стратегик мақсадларни амалга ошириш истиқболлари ҳамда икки мамлакатнинг миллий ривожланиш дастурларини уйғунлаштириш имкониятларини муҳокама қилди.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Мурожаатномаси Қозоғистон тараққиётининг янги босқичидаги стратегик устуворликларни белгилаб берувчи муҳим сиёсий воқеа экани қайд этилди. Унда кенг кўламли институционал янгиланишлардан иқтисодий, технологик ва ижтимоий модернизацияга доир амалий вазифаларни изчил бажаришга ўтиш ўз ифодасини топган.
Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишларнинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар ҳар икки мамлакат замонавий, рақобатбардош ва технологик жиҳатдан илғор иқтисодиётни шакллантириш, инфратузилмани кенг кўламда янгилаш, саноат ва энергетикани ривожлантириш, транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш, рақамлаштириш ҳамда инсон капиталини юксалтириш йўлидан изчил бораётганини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, икки давлатнинг стратегик ёндашувлари ўртасидаги яқинлик модернизация дастурларини уйғунлаштириш, инвестициявий ва технологик ресурсларни бирлаштириш ҳамда янги минтақавий қўшилган қиймат занжирларини яратиш учун қўшимча имкониятлар очаётгани қайд этилди.
Тадбирларда сўзга чиққан СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов Мурожаатноманинг стратегик аҳамияти ҳамда ундаги асосий йўналишларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар билан ҳамоҳанглигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон олдида кўп жиҳатдан ўхшаш вазифалар турибди. Булар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, саноат ва технологик модернизацияни жадаллаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда иқтисодиётда унумдорликни оширишдан иборат.
Қозоғистон Президенти белгилаган энергетика, транспорт, саноат кооперацияси, муҳим минерал ресурслар, сунъий интеллект ва инсон капитали каби устувор йўналишлар ўзаро боғлиқ бўлиб, узоқ муддатли ривожланиш кун тартибини шакллантиради. Бу эса Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун кенг имкониятлар яратади.
“Ўзбекистон учун алоҳида ташаббусларнинг мазмуни билан бир қаторда, ўзгаришлар жараёнининг умумий мантиғи ҳам қизиқиш уйғотади. Қозоғистоннинг стратегик устуворликлари «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган йўналишлар билан кўп жиҳатдан мос келади. Бу миллий дастурларни параллел равишда амалга оширишдан уларни амалда уйғунлаштиришга ўтиш учун қулай шароит яратади”, — деди А. Неъматов.
У ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишларини кўрсатиб ўтди. Жумладан, саноат алоқаларини кенгайтириш, қўшма транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш, муҳим минерал ресурслар, энергетика ва сув ресурслари соҳаларида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва муҳандислик таълими бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Алоҳида транспорт йўналишларини ривожлантиришдан тўлақонли иқтисодий йўлакларни шакллантиришга ўтиш зарурлигига урғу берилди. Бундай йўлаклар бўйлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари, логистика марказлари, қайта ишлаш корхоналари ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини барпо этиш мумкин.
Амалий таклифлар қаторида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган модернизация дастурларини уйғунлаштириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳам илгари сурилди. Унда ўзаро иқтисодий манфаатларга хизмат қиладиган устувор лойиҳаларни белгилаш таклиф этилди.
Иштирокчилар барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, корхоналар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва янги инвестицияларни жалб этиш мақсадида “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази салоҳиятидан кенгроқ фойдаланишни таклиф қилди.
Шунингдек, сув ва энергетика хавфсизлигига доир ёндашувларни мувофиқлаштириш, муҳим минерал ресурсларни қайта ишлашни маҳаллийлаштириш ҳамда технология ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш аҳамияти таъкидланди.
Ушбу йўналишлар икки мамлакат раҳбарларининг Марказий Осиёда иқтисодий ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва минтақавий ўсишнинг янги манбаларини яратишга қаратилган умумий қарашларига мос келиши қайд этилди.
Бу борада юксак сиёсий ишонч, кенг қамровли шартномавий-ҳуқуқий база ва олий даражадаги мунтазам мулоқотга таянган Ўзбекистон–Қозоғистон иттифоқчилик муносабатлари алоҳида аҳамият касб этади.
Икки давлат ҳамкорлигининг изчил ривожланиши нафақат икки томонлама ташаббусларни амалга ошириш, балки кенгроқ минтақавий миқёсдаги лойиҳаларни илгари суриш учун ҳам қулай шароит яратади.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг модернизация дастурларини уйғунлаштириш Марказий Осиёнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва халқаро рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омилига айланиши мумкин, деган умумий хулосага келди.
Қўшма ташаббуслар минтақавий бозорни кенгайтириш, қўшимча ишлаб чиқариш ва технологик салоҳиятни шакллантириш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришдан олинадиган манфаатлар икки томонлама муносабатлар доираси билан чекланмайди. Бу Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун қўшимча имкониятлар яратиб, минтақанинг глобал иқтисодий ва ишлаб чиқариш занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Муҳокамалар Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг эксперт-таҳлилий ҳамда академик доиралари мазмунли мулоқотни ривожлантириш ва стратегик устуворликлар юзасидан баҳолар алмашишдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади. Шунингдек, иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган амалий таклифларни тайёрлашга интилиш намоён бўлди
ЎзА