ШАРҲ: Университет рейтингидаги рақам нимани ўзгартиради?
Бир неча йил аввал Ўзбекистон олий таълими ҳақида гап кетганда, халқаро университет рейтинглари кўпчилик учун узоқ ва бироз мавҳум тушунча эди.
QS ёки Times Higher Education (THE) каби номлар асосан хорижда ўқишни режалаштираётган ёшлар ёки олий таълим соҳаси мутахассисларига таниш эди.
Бугун вазият ўзгарди. Ўзбекистон университетлари халқаро рейтингларда пайдо бўла бошлади, айримлари юзлаб поғона юқориламоқда.
Университетларнинг расмий саҳифаларида QS, THE, Asia University Rankings каби натижалар алоҳида қайд этилмоқда. Ректорлар, профессорлар ва талабалар бу кўрсаткичларни фаол муҳокома қилмоқда.
Аммо энг муҳим савол ҳали ҳам ўша: халқаро рейтинг Ўзбекистон университетига аслида нима беради? Масалан, университет дунёда 500-ўринни эгаллади. Кейинги йили 460-ўринга кўтарилди. Бу шунчаки чиройли рақамми? Университет пештоқига ёзиб қўйиладиган навбатдаги ютуқми? Ёки бу рақамнинг ортида анча катта жараён — университетнинг халқаро репутацияси, хорижий талабалар оқими, профессорлар, илмий ҳамкорлик ва охир-оқибат бутун мамлакат олий таълимининг ташқи қиёфаси ўзгариши турибдими?
Ўзбекистондаги энг қизиқарли мисоллардан бири — «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетидир. QS World University Rankings 2027 натижаларида ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети 458-ўринни эгаллади. Бу айни пайтда Ўзбекистон олий таълимидаги энг юқори QS натижасидир. Университет QS Asia рейтингида ҳам 103-ўринда қайд этилган. Times Higher Education World University Rankings 2026 эса уни 501–600 оралиғига жойлаштирди. Бу рақамларни шунчаки санаб ўтиш мумкин, лекин бундан муҳимроқ савол бор: 458-ўрин университет ҳаётида нимани ўзгартиради?
Рейтинг — университет учун халқаро «паспорт» вазифасини ўтайди. Тасаввур қилайлик: Ҳиндистондаги бир оила фарзандини хорижда ўқитмоқчи. Ёки Покистон, Хитой, Миср, Туркия, Бангладеш ёхуд бошқа мамлакатдаги талаба муҳандислик йўналишида университет излаяпти. У Ўзбекистонга ҳеч қачон келмаган, Тошкентдаги университетлар кампусини кўрмаган бўлиши мумкин. Бу ерда қайси профессор кучли, қайси лаборатория замонавий, қайси диплом иш берувчилар томонидан яхши қабул қилинишини ҳам билмайди.
У нимадан бошлайди? Албатта, интернетдан. Университет номини қидиради. Кейин эса унда табиий равишда бир нечта савол туғилади: бу университет халқаро миқёсда тан олинганми, дунёдаги бошқа олийгоҳлар орасида қаерда туради, дипломининг нуфузи қандай, хорижий талабалар борми, илмий фаолияти қай даражада?
Ана шу вазиятда халқаро рейтинг университет учун ўзига хос «ишонч сигнали» бўлиб хизмат қилади. Талаба ТИҚХММИ номини биринчи марта эшитган бўлиши мумкин, аммо қидирув натижасида унинг QS World University Rankings’да 458-ўринда эканини кўради. QS платформасининг ўзи университетларни танлашда академик репутация, иш берувчиларнинг муносабати, тадқиқот фаолияти, талабалар тажрибаси ва халқаро имкониятлар каби омилларни таққослаш имконини беради. Шунда университет энди у учун фақат «Тошкентдаги маълум олийгоҳ» эмас, балки глобал таққослаш тизимида кўринадиган нуфузли масканга айланади. Мана шу — рейтингнинг биринчи катта қиймати бўлиб, у университетга дунё эшикларини очади.
ТИҚХММИдаги яна бир эътиборли тенденция — олийгоҳнинг хорижий талабаларни жалб этиш салоҳияти кескин ошаётганидир. Сўнгги маълумотларда халқаро талабалар сони 4 минг нафардан ошгани қайд этилмоқда. Бир университетга минглаб хорижлик ёшларнинг келиши фақат «халқаро талабалар сони кўпайди» дегани эмас. Бу бир нечта муҳим жараёнларнинг кесишган нуқтасидир. Хорижлик талаба Ўзбекистонга келади, бу ерда яшайди, маҳаллий ёшлар билан бирга ўқийди ва унда мамлакатимиз ҳақида аниқ тасаввур шаклланади. Ўз юртига қайтгач, университет ва давлатимиз ҳақида сўзлайди. Унинг дипломида Ўзбекистон олий ўқув юртининг номи туради. Йиллар ўтиб ўша битирувчи ўз мамлакатида муҳандис, олим, тадбиркор ёки давлат хизматчисига айланиши мумкин. Демак, университет фақат кадр тайёрламайди, балки халқаро алоқалар ва дипломатия тармоғини ҳам яратади.
QS’нинг International Student Ratio (хорижий талабалар улуши) индикаторини изоҳловчи методологиясида ҳам бу кўрсаткич университетдаги халқаро муҳит, маданий алмашинув ва битирувчилар тармоғининг хилма-хиллигига муҳим ҳисса қўшиши таъкидланган. Тўрт минг хорижий талаба шунчаки қуруқ статистика эмас, балки тўрт мингта инсон орқали Ўзбекистон олий таълимининг дунёнинг бошқа ҳудудлари билан боғланишидир.
Рейтинг тизимининг энг қизиқарли томони шундаки, QS World University Rankings методологиясида International Student Ratio (хорижий талабалар улуши) умумий баҳонинг 5 фоизини, International Faculty Ratio (хорижий ўқитувчилар улуши) 5 фоизини ва International Research Network (халқаро тадқиқот тармоғи) яна 5 фоизини ташкил қилади. Демак, университетнинг халқаролашуви QS баҳосининг салмоқли қисмини эгаллайди.
Бу жараён ўзига хос занжирли механизмни ҳосил қилади: хорижий талабалар кўпаяди — рейтинг кўтарилади; рейтинг яхшиланади — репутация ва олийгоҳнинг танилувчанлиги ошади; бу эса ўз навбатида янги халқаро талабаларни жалб этади ва халқаро нуфузни янада мустаҳкамлайди.
Айнан шу нуқтадан қаралганда, ТИҚХММИдаги халқаро талабалар сонининг ўсиши ва университетнинг халқаро рейтинглардаги кўтарилишини бир-биридан айри ҳолда кўриб бўлмайди. Албатта, илмий нуқтаи назардан «рейтинг ошгани учун айнан шунча хорижий талаба келди» дейиш бир ёқлама бўлур эди. Талабанинг қарорига контракт миқдори, виза тартиби, яшаш харажатлари, хавфсизлик, таълим тили, университет маркетинги ва мамлакатлараро алоқалар каби кўплаб омиллар таъсир кўрсатади. Аммо халқаро репутация ана шу омиллар орасида тобора ҳал қилувчи ўрин эгалламоқда.
Тадқиқотларда ҳам халқаро талабаларни жалб қилишда университет репутацияси жуда кучли омил экани исботланган. Масалан, Ясемин Нуҳоғлу Сойсал (Yasemin Nuhoğlu Soysal) ва ҳаммуаллифларнинг университетлар томонидан хорижий талабаларни жалб этиш бўйича ўтказган таҳлили талабалар оқимида олийгоҳ нуфузи ва рейтинги муҳим роль ўйнашини кўрсатади.
Шундай экан, халқаро рейтингдаги 458-ўрин — шунчаки университет номи ёнига ёзиб қўйиладиган рақам эмас. Унинг ҳақиқий қиймати олийгоҳ учун яратиладиган янги имкониятларда: дунёнинг бошқа нуқтасидаги талабанинг эътибори, хорижий профессорнинг қизиқиши, янги илмий ҳамкорлик, халқаро лойиҳалар ва энг муҳими — Ўзбекистон олий таълимига нисбатан глобал ишончнинг ортишида намоён бўлади.
Бугун дунё университетлари нафақат аудитория ва лабораторияларда, балки глобал репутация учун ҳам шиддат билан рақобатлашмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон университетларининг халқаро рейтингларда юқорилаши бир олийгоҳнинг алоҳида ютуғи билан чекланиб қолмайди. Ҳар бир юқори поғона дунёга Ўзбекистон олий таълими ҳақида янги ва ижобий сигнал юборади. Демак, масала университетнинг 458-ўринда эканида эмас, асосий масала — бу кўрсаткични мамлакат учун 458 та янги имкониятга айлантира олишдадир.
Дилрабо Зарипова, Ўзбекистон журналистика ва
оммавий коммуникациялар университети доктаранти
ЎзА