Халқаро тажриба ёш олимларга муваффақият сари йўл очади
ТАТУнинг “Радио ва мобил алоқа” факультети ҳамда “Электроника ва радиотехника” кафедраси ўқитувчилари Туркиянинг Билкент университети ҳузуридаги UNAM илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Мазкур ташриф “Қайта тикланадиган энергияни йиғиш учун наноматериаллар билан интеграцияланган электроактив полимер толаларини татбиқ этиш” мавзусидаги қўшма амалий лойиҳа доирасида ташкил этилди.

Ташрифнинг асосий мақсади — замонавий илмий ишланмаларни амалиёт билан уйғунлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш имконини берувчи янги технологияларни тадқиқ этиш ҳамда икки мамлакат олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Учрашувлар давомида UNAM маркази, Билкент университети ҳамда “OzensoyLab” лабораторияси раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказилди. Унда қўшма лойиҳа доирасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Айниқса, наноматериаллар ва электроактив полимерлардан фойдаланган ҳолда энергияни самарали йиғиш технологияларини ривожлантириш масаласи бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Чунки глобал миқёсда энергияга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда қуёш, шамол ва бошқа қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергияни янги авлод материаллари орқали самарали ўзлаштириш муҳим илмий ва амалий вазифалардан бири ҳисобланади.
Ташриф доирасида томонлар, халқаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш каби бир нечта келишувларга эришди.
Бундай ҳамкорликнинг аҳамияти фақат битта лойиҳа билан чекланмайди. Зеро, замонавий илм-фанда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик, илмий лабораториялар имкониятларидан биргаликда фойдаланиш ва тажриба алмашиш янги кашфиётлар учун муҳим замин яратади. Айниқса, ёш олимларнинг хорижий илмий марказларда тажриба орттириши уларнинг профессионал салоҳиятини ошириш, янги ғоя ва технологияларни мамлакатимизга олиб кириш имконини беради.
Нигора Раҳмонова, ЎзА