Шаҳрисабз шаҳрида замонавий оқова сувларни тозалаш иншооти қурилиши бошланди
Қашқадарё вилоятида оқова сув хизматлари инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаларидан бири – Шаҳрисабз шаҳрида замонавий оқова сувларни тозалаш иншооти қурилишига старт берилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов ва Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, иншоот пойдеворига рамзий капсула қўйди.
Мазкур лойиҳа аҳолига кўрсатилаётган оқова сув хизматлари сифатини янада яхшилаш, замонавий технологияларни соҳага кенг жорий этиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Франция тараққиёт агентлиги иштирокида амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 80,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 2022-2027 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказларида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва янгидан барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, бир суткада жами 53 минг куб метр оқова сувни қабул қилиш ва тозалаш қувватига эга иккита замонавий иншоот қурилади. Шундан Шаҳрисабз шаҳридаги иншоотнинг қуввати 39 минг, Китоб туманидагисиники эса 14 минг куб метрни ташкил этади. Шунингдек, 499,8 километр оқова сув тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади, 12 та насос станцияси барпо этилади.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказидаги 64 та маҳаллада яшовчи 184 минг нафар аҳоли канализация хизматлари билан янада сифатли таъминланади. Шу билан бирга, Китоб тумани марказидаги 12 та маҳаллада истиқомат қилувчи 28 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган канализация тизимига уланади.
Айни пайтда Қашқадарё вилоятида оқова сувларни чиқариш ва тозалаш тизимини модернизация қилишга қаратилган бошқа йирик лойиҳалар ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йил охирида "Қарши шаҳар оқова сув тизимини реконструкция қилиш ва қуриш" мега-лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж ишлари бошланган.

Қиймати қарийб 25 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа доирасида бир суткада 60 минг куб метр оқова сувни қабул қилиб, тозалаш қувватига эга замонавий иншоот барпо этилмоқда.
Иншоотда оқова сувлар замонавий технологиялар асосида қайта ишланади. Ҳосил бўлган чиқиндилардан биогумус брикетлари тайёрланади, 95 фоизгача тозаланган сув эса қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун қайта фойдаланилади. Бу сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади.

Соҳадаги инвестиция лойиҳалари келгусида ҳам изчил давом эттирилиши режалаштирилган. Хусусан, яқин йилларда Китоб, Деҳқонобод, Қамаши ва Муборак туманларида ҳам замонавий оқова сувларни тозалаш иншоотларини қуриш бўйича амалий ишлар олиб борилади.
Мутахассислар фикрича, Шаҳрисабз шаҳрида янги иншоот қурилишининг бошланиши ҳудуд муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳоли турмуш сифати ва экологик хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири