Тошкентда янги бекат мажмуаларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда янги бекат мажмуаларини ташкил этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида янги бекат мажмуаларининг техник ва функционал ечимлари, лойиҳа қиймати, молиялаштириш манбалари, инвестор мажбуриятлари, бекатлар билан боғлиқ савдо объектларини кўчириш жараёнлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, автобуслар ҳаракати интервали, бекатларнинг қулайлиги ва сиғими, йўловчилар учун яратилаётган шароитлар, санитария ҳолати, бекатлар номларини тартибга келтириш, автомобилларнинг бекат ҳудудида тўхташи, савдо объектлари, компенсациялар, лойиҳа муддатлари ва бошқа долзарб масалалар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

Мутахассислар барча саволларга батафсил жавоб берди. Матбуот анжуманидан сўнг иштирокчилар янги ва амалдаги бекатларни жойига чиқиб кўздан кечирди.
Ташриф давомида замонавий бекат мажмуалари, ижтимоий аҳамиятга эга бекатлар ҳамда эски турдаги бекатлар ўртасидаги фарқлар, йўловчилар хавфсизлиги, қулайлиги ва фойдаланиш талаблари амалий мисоллар орқали намойиш этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА