Шаҳарсозлик соҳасидаги қонунбузарликларга қарши жавобгарлик кучайтирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида шаҳарсозлик ва урбанизация соҳасидаги қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда улар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда шаҳарсозлик қонунчилиги талабларини бузиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Хусусан, 2023 йилда қарийб 8 минг, 2024 йилда эса 9 мингга яқин қонунбузарлик ҳолати аниқланган.
Масъул идоралар маълумотларига кўра, қурилиш ишларида белгиланган талабларга риоя этилмагани сабабли 4 мингдан ортиқ объектда ишлар тўхтатилган. Шунингдек, 2025 йилда 2 350 та объектда аниқланган қоидабузарликлар ноқонуний қурилмаларни буздириш орқали бартараф этилган.
Қонун лойиҳасида шаҳарсозлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ва масъулиятни кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар назарда тутилган.
Жумладан, лойиҳасиз, рухсатномасиз ёки объектнинг функционал мақсадига зид равишда амалга оширилган қурилиш ишлари учун юридик шахсларга ҳар бир квадрат метр майдон учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварига тенг молиявий санкция қўллаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик соҳасида қонунийликни таъминлаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантириш ҳамда қурилиш ишлари устидан назоратни янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
ЎзА