“Севинч”дан йирик ғалаба: Қаршида Лаос клуби 11:0 ҳисобида мағлуб этилди
Шу кунларда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳи ОФК Аёллар чемпионлар лигаси “С” гуруҳ босқичи саралаш учрашувларига мезбонлик қилмоқда. Гуруҳдан Бутаннинг “Royal Thimphu College FC”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Banaat FC”, Лаоснинг “Master FC” ва Қаршининг “Sevinch” (ПФК “Насаф”) жамоалари ўрин олган. Куни кеча аёллар ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигасининг саралаш босқичи доирасидаги муҳим учрашувлардан бири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган “Sevinch” (ПФК “Насаф”) жамоаси Лаоснинг “Master FC” клубига қарши майдонга тушди.
Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионда ўтказилган баҳсда вакилларимиз рақиб дарвозасига 11 та тўп киритиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлади. Учрашув 11:0 ҳисобида “Sevinch” жамоаси фойдасига якунланди.
Бу ғалаба жамоамизнинг мусобақадаги кейинги учрашувлар олдидан муҳим қадам бўлди.
Ўйиндан сўнг Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов жамоа аъзолари, мураббийлар штаби ва футбол мухлисларини ушбу йирик ғалаба билан табриклаб, кейинги ҳал қилувчи баҳсларда ҳам омад тилади.
Эътиборлиси, саралаш босқичидаги ҳар бир учрашув жамоа учун Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма олиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Қашқадарёлик футбол мухлислари эса “Sevinch” жамоасидан кейинги баҳсларда ҳам муносиб натижалар кутиб қолади.
[gallery-30944]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари