Адолат маҳалласида адолат қарор топган
Бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, мавжуд имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш ҳаёт кечиришнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги “Адолат” маҳалласида ҳам аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш, эҳтиёжманд фуқароларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллада 1 минг 81 та оила ва 975 та хонадон мавжуд. Унда ногиронлиги бўлган 75 нафар шахс рўйхатга олинган. Жорий йил бошидан буён 160 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 80 фоиздан зиёди ижобий ҳал этилган.

Кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар, аввало, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилган. Хусусан, Сайёра Қўчқорова уч нафар фарзанднинг онаси. Оиладаги мураккаб ижтимоий шароит ва саломатлиги билан боғлиқ муаммолар сабабли у ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезган.
Фуқаронинг ҳолати ўрганилиб, унга индивидуал ёндашув асосида зарур ёрдам кўрсатилди. Жумладан, куз-қиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ харажатларини қоплаш учун 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилди. 2026 йил май ойида “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан кийим-кечак билан таъминланган бўлса, Рамазон ойида “Вақф” жамғармаси томонидан 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Шунингдек, фуқаронинг саломатлигини тиклаш мақсадида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. “Вақф” жамғармаси кўмагида жарроҳлик амалиёти ва даволаниш харажатларини қоплаш учун ваучер ажратилди. Мазкур ёрдам асосида С.Қўчқоровага қорин ости чурраси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Айни пайтда фуқаронинг саломатлиги ва оиласининг ижтимоий ҳолати ижтимоий ходим томонидан мунтазам кузатиб борилмоқда.
Яна бир фуқаро Ҳамзина Анжела йўл транспорт ҳодисаси оқибатида саломатлигида жиддий ўзгаришлар юзага келгани сабабли узоқ вақт давомида ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳолда яшаб келган.
Фуқаронинг ижтимоий ҳолати ўрганилиб, унга ногиронликни расмийлаштириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди ва ногиронлик белгиланди. Кундалик ҳаётида мустақил ҳаракатланишини енгиллаштириш мақсадида ногиронлар аравачаси ажратилди ҳамда ногиронлик нафақаси тайинланишига кўмаклашди. Жумладан, Ҳ.Анжелага “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида комплекс реабилитация хизматлари кўрсатилди. Унинг руҳий-эмоционал ҳолатини қўллаб-қувватлаш ва жамиятга мослашувини яхшилаш мақсадида психологик хизмат ҳам ташкил этилди.
Кўрсатилган ёрдамлар натижасида фуқаронинг кундалик ҳаётга мослашуви, мустақил ҳаракатланиши ва ижтимоий фаоллигини ошириш учун зарур шароит яратилди.
Бу фуқароларга кўрсатилган ижтимоий хизматлар маҳаллада инсон манфаатларига асосланган ёндашувнинг амалий ифодасидир. Бир фуқаронинг саломатлиги тикланди, иккинчисининг эса мустақил ҳаёт кечириши учун имконият яратилди. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор. Ўз вақтида кўрсатилган эътибор, тўғри йўналтирилган ижтимоий хизмат ва амалий кўмак инсон ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Умуман олганда, “Адолат” маҳалласида эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Юлдузхон Жабборова,
Оҳангарон шаҳри “Адолат” маҳалласида
комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими,
ЎзА