Сергелида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди
Маълумки, юртимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” этиб белгиланган бўлиб, бу куни соҳага масъул раҳбарлар жойларга чиққан ҳолда ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказади ва уларнинг муаммоларини ҳал этади.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Сергели туманида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шаҳноза Султонова ҳамда Сергели тумани ҳокимининг ўринбосари Нафиса Жўраева туманда истиқомат қилувчи ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Раҳбар ва ёшлар учрашувида бандликни таъминлаш, таълим олиш, шунингдек, хотин-қизлар учун яратилаётган янги имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ва спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Мулоқот якунида ёшларни қизиқтирган саволларга масъул мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди. Билдирилган мурожаатлар бўйича амалий тавсия ва йўналишлар белгилаб берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА