Автоблогерлар билан очиқ мулоқот қилинди
Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамкорлигида “Йўловчи” лойиҳаси доирасида автоблогерлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Давлат ташкилотлари вакиллари, соҳа экспертлари ҳамда миллионлаб кузатувчиларга эга медиа ижодкорларини бир даврага жамлаган ушбу учрашувда транспорт соҳасидаги энг оғриқли муаммолар ва уларнинг замонавий ечимлари атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, учрашув давомида юртимизда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракатидаги масъулиятини ошириш, айниқса, ёшлар орасида замонавий ва юксак йўл маданиятини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, автоблогерлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини кенг тарғиб этиш, жамоатчилик эътиборини долзарб муаммоларга қаратиш ҳамда фойдали ва таъсирчан контентлар орқали аҳолининг ҳуқуқий ва йўл маданиятини ошириш юзасидан таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА